2017-05-30 14:25:00

ТИЗИМ ХОДИМЛАРИ УЧУН “АЛОҚАЧИ” ТАРИФИ

“Ўзбектелеком” АКнинг UZMOBILEМиллий алоқа оператори Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги таркибига кирувчи корхона-муассасаларнинг ходимлари учун “Алоқачи” деб номланган махсус тариф режасини жорий қилди.

Замонавий илғор технологиялар билан қулайлашиб бораётган турмуш тарзимиз бугун ҳар дақиқа, ҳар жойда алоқада бўлишни тақозо қилмоқда. Бу эса алоқанинг мавжудлиги ва сифати учун жавобгар бўлган алоқачилар, соҳа ходимлари зиммасига юкланадиган вазифа. Ўз навбатида, уларнинг ўзлари учун ҳам сифатли ва ишончли алоқа хизматлари аҳамиятлидир. Шу муносабат билан, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар нисбатан қулай ва имтиёзларга эга махсус алоқа тарифига уланиш имконига эга бўлдилар.

UZMOBILE GSM тармоғидаги янги махсус тариф режасига вазирлик тизимига кирувчи 41 та муассаса ходимлари уланишлари мумкин. “Алоқачи” тариф режасининг ўзига хослиги соҳанинг бирор-бир ходими ягона шартнома билан 5 тагача рақамни ўз номига расмийлаштириши ва бу рақамлардан фойдаланувчи гуруҳ абонентлари ўзаро бепул мулоқот қилишлари мумкин.

Янги тариф режаси алоқа соҳаси ходимларига қўшимча қулайликлар яратиб, муҳим масалалар юзасидан ўзаро алоқада бўлиш ва ҳамкорлик қилиш орқали иш самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга, соҳа ходимларининг ижтимоий таъминотини ошириб, малакали кадрларнинг соҳага жалб қилинишига хизмат қилади.

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс”