2017-05-31 12:20:00

ЯНГИ УЙЛАР ҚИШЛОҚЛАР ҚИЁФАСИНИ БЕЗАЙДИ

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда Самарқанд вилояти туманларида янгиланган лойиҳадаги 1 758 та уйлар қурилмоқда.

Қарор талабларига кўра, янги уйлар тежамкор материаллардан фойдаланган ҳолда камқийматли, уйга муҳтож бўлган оилаларга мўлжалланган арзон нархдаги уй-жойларнинг уч турдаги лойиҳалари асосида қурилиши белгиланган. Биринчи турдаги уйларда ошхона, ювиниш хонаси ва қўшимча бинолари бўлган 42 метр квадратдан иборат 2 хонали ҳамда 52 квадрат метр бўлган 3 хонали уйлар бунёд этилмоқда. Уй қурилиши тугалланиши билан ҳовли қисмида болалар майдончалари, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариш масканларини бунёд этиш ҳам режалаштирилган. Иккинчи тури бўйича эса аҳоли зич жойлашган ҳудудларда 2 сотихда бир қаватли икки ва уч хонали аҳоли истиқоматгоҳлари қурилади. Танланган учинчи андаза бўйича эса ҳар бирига алоҳида 4 сотих майдонга эга 2 қаватли қўшиб қурилган 4 хонали 2 хонадонга мўлжалланган уйлар қурилиши белгиланган.

 Жомбой туманида жорий йилда биринчи ва иккинчи турдаги 102 та уйлар қурилмоқда.

—Бунинг учун йил бошидан 2 та 16 хонадонли ва 70 та 3 хонали уйлар қуриш учун 7 та қурилиш корхонаси танлаб олинди, —дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Маҳмуд Абдураҳимов. —Уларга янги уйларни 9 ой муддатда қуриб фойдаланишга топшириш шарти қўйилди. Бу қарор билан уй харид қилаётган аҳолига бир қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, биринчи ва иккинчи турдаги уйлар учун дастлабки тўлов уй-жой умумий қийматининг 15 фоизи миқдорида белгиланди. Қолган қисми бўйича 7 фоизлик имтиёзли давр билан 15 йилга уй эгаси номига кредит ажратилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрдаги “Ариза берувчи-уй қурувчининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиялари асосида 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан уй олиш истагидаги фуқаро доимий яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ёзма тавсиясига кўра “Қишлоққурилишинвест”масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали билан шартнома тузиш тартиблари жорий этилди.

—Каттақишлоқ маҳалласида 2 қаватли 16 хонадонга мўлжалланган 2 ва 3 хонали уй қурилишини бошлаганимизга уч ой бўлди, —дейди “Афсона омад таъмир қурилиш”хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Хуршид Абдурасулов. —Биринчи қаватда қурилишни тугатиб, электр монтаж ишлари бажариляпти, ой сўнгидан эса пардозлаш, сув, газ, канализация тармоқларини улашни бошлаймиз. Эшик-ромлар “Қишлоққурилишинвест”МЧЖ Самарқанд вилоят филиали томонидан имтиёзли нархда берилади, бошқа зарур қурилиш материалларини тайёрлаб қўйганмиз. Буюртмачи талаби асосида уйни яшаш учун тайёр ҳолда муддатидан олдин топширишни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, бу уйларнинг ҳар бирида кўмир ва газга мослаштирилган индивидуал қозонхоналар, алоҳида сув тармоғи, канализация, омборхона ва гараж қурилади. Бир сўз билан айтганда, барча шароити мужассам бўлган бу уйлар қишлоқ жойда шаҳардагидек шароитга эга бўлади.

“Туркистон-пресс”