2017-06-01 14:00:00

ЎЗБЕКИСТОНДА “ЭКОЛОГИК ҲАФТАЛИК-2017” ТАДБИРЛАРИ БОШЛАНДИ

Жорий йилнинг 31 май куни Халқаро пресс-клубда “Экологик ҳафталик – 2017” тадбирига старт берилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алихонов, Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Фарид Қорахонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, бир қатор вазириклар, идоралар, ННТ, хориж ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида 1972  йили 5 июнда Стокгольм шаҳрида БМТнинг экологик масалаларга бағишланган конференциясида Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Шундан буён ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ яратиш, ободонлаштириш акцияларини ўтказиб келинади. Бу йил ўтказиладиган Бутунжаҳон атроф-муҳит муҳофазаси кунига бағишланган шиор «Мен табиат билан биргаман» деб номланди.

Анъанага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда мазкур экологик санага бағишлаб «Экологик ҳафталик» тадбири ташкил қилинди. Бу йил ўтказиладиган ҳафталик дастури ўз ичига учрашувлар, “яшил” концертлар, кўрик-танловлар, ҳудудларни тозалаш бўйича экологик акциялар, юртимиз туман ва вилоятлари, Тошкент шаҳрида йирик кўринишга эга турли тадбирларни қамраб олган. Буларнинг барчаси аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш соҳаси борасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган.

Таъкидландики, Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бутунжаҳон декларациялари, конвенциялари ва БМТнинг бошқа битимларида акс этган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш билан бир қаторда, глобал табиат муҳофазаси сиёсатининг ҳам фаол иштирокчисига айланди.

Барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилинган ҳолда, шунингдек, Конституциянинг низом ва асосий принципларидан келиб чиқиб, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида қонунчилик ислоҳоти ўтказилди. Унда жаҳон стандартларига мос келувчи янги қонунчилик актлари қабул қилинди, мавжудлари эса такомиллаштирилди.

Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраб-авайлаш, озон қатламини емирувчи моддалардан воз кечиш бўйича, шунингдек иқлим ўзгариши соҳасида ҳам илк ташаббусга эга муҳим аҳамиятга молик дастурлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

«Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизими ва экологик муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишига, шунингдек, табиат муҳофазасининг ташкилий тизимини такомиллаштиришда муҳим босқич бўлди.

Қабул қилинган чора-тадбирлар атмосфера ҳавоси ифлосланиши даражасининг пасайишига, асосий очиқ сув ҳавзалари ишлаш меҳанизмининг яхшиланиши, муҳофаза қилинадиган ҳудудлар тармоқларини кенгайтириш, яъни атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланиш амалиётида маълум бир яхшиланишларга эга бўлиш имконини берди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини қайта ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил қилинди (Давлат экология қўмитаси). Давлат экология қўмитасининг асосий вазифа ва функциялари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш, ресурсларни тежаш борасида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлашдан иборат.

Спикерлар томонидан таъкидландики, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган экологик хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш ва бошқа масалаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони, «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ва «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, Давлат экология қўмитасининг асосий вазифаларидан яна бири, бу — қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш тизимини ташкил қилишдан иборат.

Шунингдек, спикерлар тадбир давомида яна бир муҳим масалага жиддий эътибор қаратдилар. Афсуски, бугунги кунда тез-тез учраётган экологик ҳуқуқбузарликлар экологик қонунчиликка жиддий таҳрирлар киритишни талаб этмоқда. Бу, ўз навбатида, жавобгарликни янада кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини кўпайтириш имконини беради.

2016 йилда Қўмита томонидан табиат муҳофазаси соҳасида 18269 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган бўлиб, шулардан 7187 та (ёки 40 фоиз) ҳолат бевосита чиқиндилар билан боғлиқ. Мазкур ҳолат экология, санитария нормалари ва чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги талабларнинг қўпол бузилишига нисбатан қўлланилаётган маъмурий чора-тадбирларнинг самараси паст ва етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ана шу муносабат билан, жавобгарликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Тадбир сўнггида «Экоҳафталик–2017»нинг асосий вазифаларидан бири ҳар бир фуқаронинг экология масалаларига эътиборини қаратиш, шунингдек, уларнинг атроф-муҳит муҳофазасига бўлган қизиқишини ошириш, уни асраб-авайлашда фаол иштирок этишга даъват қилишдан иборат эканлигига алоҳида урғу берилди. Ундан ташқари, тадбир иштирокчилари томонидан берилган барча саволларга соҳа мутахассислари батафсил ва атрофлича жавоб қайтаришди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”