2017-06-02 15:07:00

НАМАНГАНЛИК СПОРТЧИ-ЁШЛАР МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИГИГА НИМА САБАБ?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 25-27 май кунлари Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасидаги “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Бу галги ёшлик ва спорт байрамида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 898 нафар иқтидорли спортчи ўғил-қиз баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, шахмат, оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, юнон-рум кураши, сузиш, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, бадминтон ва бадиий гимнастика бўйича ғолиблик учун баҳсларга киришди. Спортчилар уч кун давомида 193 олтин, 193 кумуш ва 214 бронза медали учун қизғин ва муросасиз кураш олиб бордилар.

“Кичик олимпиада” баҳсларида 248 очко тўплаган Тошкент шаҳри жамоаси умумжамоа ҳисобида ғолиб чиқди. Мусобақада 188 очко жамғарган андижонлик ёшлар иккинчи ўринни эгаллади. 180 очко билан Самарқанд вилояти жамоаси учинчи ўриндан жой олди. Барча ғолиб-совриндор жамоалар диплом, махсус кубок ва Президентимиз совғаси — “Дамас” автомобиллари билан тақдирланди.

Бундан уч йил муқаддам, мусобақага мезбонлик қилган Наманган вилояти спортчилари, афуски, бу сафар билдирилган юксак ишончни оқлай олишмади. 2014 йили кучли учликка кирган вилоят вакиллари “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларида ўнинчи поғонага тушиб кетди.

Таъкидлаш жоиз, Жиззахдан фақат Наманган вилояти волейболчиларигина ғолиблик сурури билан қайтишди. Илҳомжон Турдиев мураббийлигидаги қизлар терма жамоаси финал учрашувида андижонлик рақибларини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ғолиб сифатида эътироф этилди. Эътиборлиси, наманганлик қизлар кетма-кет икки марта чемпионликка эришдилар.

Косонсой педагогика коллежи ўқувчиларидан шаклланган гандбол бўйича вилоят қизлар терма жамоаси ҳал қилувчи ўйинда Самарқанд вилояти жамоасига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди.

Енгил атлетика бўйича баҳсларда вилоят шарафини ҳимоя қилган “спринтер”лардан Муаттар Баратова олтин, Ҳасан Жўраев, Жасур Қодиров ва Азизбек Мамажоновлар бронза медалларига сазовор бўлишди. Бадиий гимнастика ва юнон-рум кураши беллашувларида ўз маҳоратини синовдан ўтказган Мафтуна Каримова, Акрам Парпиевлар ҳам фахрли учинчи ўринда қайд қилинди.

Вилоят спортчилари қайд этган умумий натижаларга назар ташлар эканмиз, унда шода медалларни келтириши кутилган таэквондо WTF, басткетбол, стол тенниси, сузиш ва оғир атлетика каби турларида ўтказилган финал беллашувларида билдирилган ишонч оқлангани йўқ. Катта салоҳиятга эга бўлган бокс ва футболчилар ҳатто Жиззахга борувчи йўлланмаларга ҳам эга бўлишмади.

Мамлакатимизда асос солинган уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақаларида олдинлари пешқадамлар сафидан тушмай келаётган наманганлик спортчилар ўз мавқеларини йўқотиб қўймоқдалар. Жиззахдаги мусобақада уларнинг юксак ғалабаларига кўз тиккан кўплаб спорт ихлосмандларининг ҳафсаласи пир бўлди.

Бундай камчиликларнинг асл сабабларини таҳлил қилиш, келгусида бундай оқсоқликнинг олдини олиш борасида энг аввало, Наманган вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, спорт федерациялари, қолаверса, спортчиларнинг натижаларига бевосита жавобгар бўлган олий ўқув юртлари, вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари томонидан тегишли чора-тадбирларга ҳозирданоқ киришишлари зарур, деб ҳисоблаймиз. Зеро, Наманган спорт жабҳасида ўз вақтида мамлакатимизнинг байроқдор вилоятларидан саналганини асло унутмаслик лозим. Боиси, вилоятимиз мустақиллик йилларида республика миқёсида уч маротаба “Йилнинг энг яхши спорт вилояти” сифатида эътироф этилганини ёддан чиқармаслик, яратилаётган қулай имконият ва шарт-шароитларга лаббай, деб жавоб қайтариш даркор.

Зеро, кейинги сафар Қашқадарё вилояти мезбонлик қиладиган “Баркамол авлод” спорт ўйинларида юксак маҳорат ва тажрибага эга наманганлик спортчи-ёшларни ўз “сўз”ларини “айтиш”ларига умид билдириб қоламиз.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

спорт шарҳловчиси

(“Туркистон-пресс”)