2017-06-02 16:34:00

ҲАРБИЙЛАРГА ЗАМОНАВИЙ УЙЛАР

Мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун барча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида ҳам ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун янги турар жой биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Ҳарбий шаҳарчада ҳар бири 2 хонадонга мўлжалланган иккита бир қаватли ва 20 хонадонга мўлжалланган битта 2 қаватли уйга 24 оила кўчиб кирди. Маҳаллий иқлим шароити ҳисобга олиниб барпо этилган 2 ва 3 хонали замонавий уйга кўчиб ўтганидан ҳарбийлар, айниқса, уларнинг оила аъзолари жуда хурсанд. 

— Барча замонавий шароитлар яратилган уй берилганидан турмуш ўртоғим ва ота-онамнинг хурсандчилигини кўриб, ҳарбийлик касбини танлаганимдан фахрланиб кетдим, — дейди кичик сержант Салоҳиддин Бегматов. — Бу ердаги шароитлар шаҳарникидан асло қолишмайди. Уй олдида болалар майдончаси ҳам барпо этилган. Давлатимиз томонидан ҳарбийларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик бизни сидқидилдан хизмат қилишга ундайди. Мен ҳам бу юксак ишончни Ватанимизга, халқимиз ва Президентимизга содиқ хизмат қилиш билан оқлайман. 

Тадбир доирасида ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун тайёрланган концерт дастури уй тўйларига байрамона кайфият бағишлади. 

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА