2017-06-02 17:10:00

АҲОЛИ ДАСТУРХОНИГА АРЗОН МАҲСУЛОТЛАР

Истиқлол йиллариданоқ мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигида чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Замонавий мулкчилик шакли жорий этилди, мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари, қисқа қилиб айтганда, барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги навлари яратилди ва улардан амалда фойдаланиш йўлга қўйилди.

 Экин майдонлари оптималлаштирилди, ҳосилдорлик оширилди, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилди. Натижада қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ҳосил олиниб, маҳсулотлар етиштириш ҳажми ортди. Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёда юқори ўринларда туради. Хусусан, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа қатор мева, сабзавот маҳсулотлари экспортида етакчи ўнта давлат қаторидамиз. Эҳтиёждан ортиқча 180 турдан зиёд мева ва сабзавотлар ҳамда уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Россия, Япония, Таиланд, Индонезия, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Словакия сингари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Навоий вилояти  деҳқонлари ҳам соҳа тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиш учун ҳаракат қилишмоқда. 2017 йилда вилоят  миришкорлари 639,9 минг тонна мева ва сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштиришган. Шундан 284,7 минг тоннасини сабзавот, 79,7 минг тоннасини картошка, 78,0 минг тоннасини полиз, 112,0 минг тоннасини мева ва  85,5 минг тоннасини узум ташкил этиши кутилмоқда.

Шунингдек,маҳсулотларни сифатли сақлаш,уларни куз ва қиш мавсумига қадар аҳоли дастурхонига арзон нархларда етказиб беришни таъминлаш мақсадида 2017 йил  давомида 5та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш  корхоналари,12 та музлаткич омборлари қурилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирда маҳсулотлар экспортга, қайта ишлашга ва ички истеъмолга етказиб берилиши бошлаб юборилган. Бунга, албатта, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, лалми ерлардан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали эришилаяпти.

Кармана туманидаги “Лочин”, Қизилтепа туманидаги “Кубаро диёр”, Навбаҳор туманидаги “Сафо севди”, Хатирчи туманидаги “Истиқлолнинг 10 йиллиги” ва бошқа фермер хўжаликлари ердан унумли фойдаланиш, экин ва дарахтларга ўз вақтида ишлов бериш, бошқа қишлоқ хўжалик ишларини самарали бажариш билан юқори ҳосил олишга эришмоқдалар. Бир қатор хўжалик ва корхоналар эса маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашни йўлга қўйишган. Уларнинг ибратли меҳнати туфайли халқимиз дастурхони доим тўкин.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”