2017-05-27 13:00:00

ЎЛКАШУНОСЛИК МУЗЕЙЛАРИ – ХАЛҚЛАР КЎЗГУСИ

Миллат маданиятининг юксаклиги, ўтмиши ва келажаги мавжуд урф-одатларнинг бой тарихий илдизи билан ҳам мезонланади. Диёримизда яшаб келаётган миллатларнинг барчаси ҳамжиҳатлик ва бир мақсад йўлида яшаб келади. Уларнинг ўзига хос урф-одатлари, ижтимоий-маданий ўтмиши бор.

Бугунги кунда мана шундай маданий қадриятларни замондошларимизга таништиришда юртимизда шу йўналишда ташкил этилган музейларнинг ўрни беқиёсдир.

Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейининг кўргазмаси илк маротаба 1929 йили 16 май куни Тўрткўл шаҳрида ташкил этилди.

1959 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиали ташкил топгандан кейин музей филиал тасарруфига ўтказилади. 1965 йили музей  шаҳар марказида жойлашган икки қаватли бинога кўчирилди.

Қорақалпоғистон давлат ўлкашунослик музейи 85 йилдан буён халқимиз ўтмишининг тарихини босқичма-босқич намоён этиб келаётган Марказий Осиёдаги энг йирик музейлардан бирига ҳисобланади. Музей дастлаб комплексли илмий-тадқиқот институти тасарруфида очилиб, ўнтача экспонат билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб бу ерда 66 мингдан ортиқ экспонат мавжуд.

Музей бугунги кунда халқимиз тарихига оид маданий меросларни тўплаш билан бир қаторда илмий, маданий-маърифий ва тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқда.Музей табиат, археология-этнография ва янги тарих бўлимларидан иборат. Бу бўлимларда ўлкамизнинг табиати, қорақалпоқ халқининг тарихи, этнографияси, маданияти ва мустақиллик йилларидаги юксалишларни намойиш этиб келмоқда.

Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейидаги айрим экспонатлар ўзига хослиги, бошқа шу каби музейларда учрамайдиган экспонатларга эгалиги билан ажралиб туради. Бу экспонатларнинг ҳар бири якка тартибда бутун бошли халқ ўтмиши ва маданиятини тўлақонли акс эттира олади.

Капитель– Қорақалпоғистон давлат ўлкашунослик музейидаги энг ноёб, бетакрор, бебаҳо экспонатлардан бири ҳисобланади. Капитель билан бирга икки устун ва капитель бўлаги 1966 йили Султонувайс тоғ тизмаларида Нукус-Тўрткўл магистралининг 81 километрида қазиш ишларини юритиш пайтида топилган. Капитель маҳаллий мармардан ишланган.

Бош қисми одам шаклида ва гавдаси тўртбурчак шаклида бўлиб, думи бор, оёқларини остига букиб ётган ҳайвон қиёфасидаги мармар устун қисми эрамиздан олдинги V-IV асрларга тегишли. Ҳайвон кўриниши умумлаштириб, гавдаси контурлари анатомик нуқтаи-назардан тўғри ишланган. Бош қисмида бош кийимга ва қулоқ устида қўчқор шохларига ўхшаш безаклар берилган. Бу шакл бош кийим эмас, балки маҳаллийаҳоли сиғинган Худонинг образини кўрсатган, деган фикрлар ҳам мавжуд.

Қадим даврларда бунга ўхшаш капителлар Эрон, Миср, Греция подшоҳлари саройларини безатишда кенг қўлланилган.

Яна бир ноёб экспонатлардан бири Жегде – қорақалпоқ аёлларининг енгил ва чиройли кийимларидан ҳисобланади. Унинг бошқа кийимлардан фарқи – тўн, чопон шаклида эгни тор қилиб бичилган, енглари қўлга кийилмайдиган ва бошга ёпинадиган аёллар кийими. Енги узун бўлиб, у қўлга кийилмай, бир-бирига боғланадиган иплар билан бириктирилиб, орқага ташланади.

Жегде икки рангда бўлиб, қизил жегдени ёш келинчаклар бошига ёпинган ва ёши улғайиб, 40-50 ёшдан ошгандан кейин қизил жегделарини оқ жегдега алмаштирган.

Жегделарда каштачи нақшлар орқали ўзининг қавми (уруғи), авлодининг касб-кори чорвачилик, оила аъзолари тўғрисида маълумотларни акс эттирган.

Кўк кўйлак – бу ҳам қорақалпоқ халқ каштачилик ҳунарининг ажойиб намуналаридан бири. У келинчак тўй либоси ёки ёш аёлнинг байрам-тантаналар либоси ҳисобланади. Кўк кўйлак халқ орасида “Бўёқ кўйлак”деб ҳам юритилади. Нақшлари ёқадан бошланиб, кўйлакнинг олд қисми этагига ва икки енгининг пастигача   кашталанган.

Денгиз қирғоқларида истиқомат қилган ва у томонлардан қир-адирларга кўчиб келган инсонларкўк кўйлак нақшларини “совут нақш”деб атайдилар. “Совут нақш”атамаси қорақалпоқларнинг ота-боболари Орол денгизи бўйида яшаган сак-массагетлар бўлганлиги сабаб, бу халқнинг аёллари ҳам отга миниб, йигитлар қатори душманга қарши жангларда қатнашган. Шу сабаб  жангларда совут кийган қизларнинг жанговарлигига, мардлигига бағишлаб кўк кўйлакдаги нақш номи “совут нақш”деб аталгани бежиз эмас. Бунинг мисоли сифатида “Қирқ қиз”достонини келтириш мумкин.

Кўк кўйлакнинг ўзига хослиги нақшларининг шакли ҳар бир кўйлакда ўзгача бўлади ва бир-бирини такрорламайди.

От Марказий Осиёда истиқомат қилувчи халқларда, жумладан, қорақалпоқларда уй-рўзғорда, чорвачиликда, халқ хўжалигида, тўй-маросимларда кенг қўлланиладиган зарур транспорт воситаси бўлиб ҳисобланган.

Ўтган даврда ботирлар, эл-улус раҳбарлари, яхши яшашга қурби етадиган одамлар ўзларининг отларига жуда катта эътибор қаратиб, уларнинг эгар-жабдуқларини зебу-зийнатлар билан чиройли безаган. От абзалларини ясашда чарм-тери, ноёб тошлар ва қимматбаҳо металлар қўлланилган. Улар қаторига оқ бошли эгар, ола қайиш жува, узанги, қина, чинниқоп, қамчи, откўзлик, қўшбоғ ва ҳоказолар киради.

Шулардан усталар томонидан катта маҳоратни талаб этувчи Оқ бошли эгарнинг асоси ёғочдан ишланади, усти ва ён томонлари чарм билан қопланади, боши, бўйни, орқа ва ён томонларининг айланаси оддий нақшлар босилган суяк билан, эгари, икки оёқнинг сон қисми турадиган жойи тўлиқ чарм билан қопланиб, унинг уст томони гулмих (чуй) қоқиб  безатилади.

Саўкеле – Қорақалпоқ халқ амалий санъатининг энг ноёб асарларидан яна бири ҳисобланади. Саўкеле қорақалпоқ халқининг узатилаётган қиз киядиган миллий бош кийим ҳисобланади. Саўкеле сингари сўппосли бош кийим скифлер даври билан узвий боғлиқдир.

Бу каби бош кийимлар Мессопотомия атрофидаги қадимги подшоликларда пайдо бўлиб, кейинчалик Митанни, Урарту, Хоразм подшоликларига ёйилган.

Бу ёдгорликлар бизнинг эрамизга қадар VI-VIII асрлар илгари ишланганлиги маълум. Уларнинг белгилари бизнинг халқимизнинг ҳунари орқали шу кунга қадар етиб келган.

Ушбу бош кийимни қиз узатилгандан то фарзандли бўлганга қадар кийиб юрган. Чунки фарзандли бўлгандан кейин қиз ўзининг ота қавмидан тўлиқ узиладиган бўлган.

Турон йўлбарси – ХХ-асирнинг бошларида, яъни 1940 йилгача йўлбарслар Қорақалпоғистон ерларида кенг тарқалган. Шу йиллари Амударё ва йирик каналлар бўйларида баландлиги 4-7 метргача етадиган қалин ўрмонлар ва қамишзорликларда яшайдиган ёвойи чўчқа, қуён, қирғовул, кўллардаги турли хил балиқлар йўлбарсларнинг яшаб кўпайишига имкон туғдирди. Маълумотларга кўра 1920-1930 йиллар Қорақалпоғистон ерларининг 30 дан ортиқ ўрмонларида 70 га яқин сони мавжуд бўлган бўлса, 1930-1940 йилларда уларнинг сони 20 тага камайиб кетган. 1942 йил 12 та дона бўлган бўлса, 1947 йил 6 донаси ҳисобга олинган. 1945 йилдан 1950 йилгача ўлкамизда 11 дона йўлбарс отиб олинганлиги аниқланган. Турон йўлбарси асосан ўрмонларда, қамишзорларда яшаб, сувда яхши сузади ва қоронғи пайт овга чиқади. 

Бронзадан  ясалган қазқон1980 йили Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа тумани атрофида, Бўрли қалъа билан Тупроқ қалъа археологик ёдгорликлар оралиғидаги майдонда олиб борилган гидрологик экспедиция вақтида топилган.

Ўлкамиз ҳудудидан топилган бу ноёб топилмани кўздан кечирган археолог олимлар М.Мамбетуллаев ва Н.Юсуповлар уни эрамиздан олдинги VI-V асрларга тегишли кўчманчи қавмларга оид буюм сифатида аниқлаган.

Ўлкашунослик музейига  ташриф буюрганлар кўплаб Қорақалпоқ ҳалқининг миллий урф одатларини акс эттирувчиосори-атиқалар билан яқиндан танишишлари мумкин.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири