2017-05-24 11:00:00

ЎЗБЕКИСТОН БОЙ МАДАНИЙ-ТАРИХИЙ МЕРОСИ НАМОЙИШИ

1927 йилда Ўзбекистон усталарининг энг яхши ижод намуналари кўргазмаси ташкил қилинган эди. Сўнгра бу хайрли иш доимий кўргазмага айлантирилиб, “Ўзбекистон халқ хўжалиги кўргазмаси” номини олди. Кўргазмага қўйилган экспонатлар сони йилма-йил ортиб борилди.

Шу билан бирга илгариги даврларда тайёрланган, қўлда тикилган кашталар, дўппилар, заргарлик буюмлари, гиламлар ва шунга ўхшаш халқ амалий санъати намуналари ҳам сотиб олинди. Ана шу тўпланган халқ амалий санъат асарлари 1937 йилнинг 7 июлида Тошкентда очилган “Ҳунармандчилик музейи”да намойиш этила бошланди.

1960 йилда музей “Ўзбекистон амалий санъати доимий кўргазмаси” номини олди. 1997 йилда собиқ кўргазма Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва “Давлат амалий санъат музейи” мақомига эга бўлди.

Бугунги кунда музей хазинасида ХIХ асрнинг биринчи ярмидан то ҳозирги кунларимизгача бўлган даврни қамраб олган қўли гул усталар томонидан яратилган бебаҳо амалий санъат дурдоналари йиғилган.

Музей хазинасида сақланаётган халқ амалий санъат асарларини бадиий жиҳатдан уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчидан, бу қадимий анъаналар асосида яратилган, ҳар бир ҳудуд ичидаги ўзига хослигини акс эттирган мактабларга оид амалий санъат асарлари, иккинчидан, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, халқ усталари анъанавий услубини йўқотмаган ҳолда уни ўз ижодий хофизаси билан ривожлантириб, янада бадиий безак билан бойитиб яратилган асарлардир. Учинчи гуруҳ эса, бугунги кун амалий санъат тараққиётидан келиб чиқиб, ранг-баранг турфа нақшлар билан безатилиб, замонавий санъат талаблари даражасидаги етук асарлардан иборат. Музей захирасида тўпланган буюмлар 20 номдаги коллекцияга ажратилиб сақланади ва шу турлар бўйича экспозицияларда намойиш қилинади.

Ўзбек халқи ўзининг қадимий амалий санъати билан жаҳонга машҳурдир. Зеби зийнатли буюмлар ясаш санъати халқимиз ижодининг энг қадимийларидан ҳисобланади. Бу нодир халқ бадиий ҳунармандчилиги намуналарини меъморий ёдгорликлар, ганч, ёғоч ўймакорлиги, наққошликда, шунингдек, мисгарлик, заргарлик, кулолчилик, гиламдўзлик, ипак ва ип газламачилиги, зардўзлик, каштачилик ва ўнлаб бошқа амалий санъат турларида ўз намуналарини сақлаб қолган. Бугунги кунда юксак ва ноёб санъат дурдоналари даражасига кўтарилган бу бебаҳо меросимиз музейларимизда сақланиб келинмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Биз халқни номи билан эмас, балки маданияти, маънавияти орқали биламиз, тарихининг таг томирларигача назар ташлаймиз” деб бежиз уқтирмаган эди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз музейлари хазиналарида сақланаётган моддий ва маънавий маданиятимиз бебаҳо ёдгорликлари бизнинг ким бўлганлигимизни намоён этувчи нодир гувоҳлардир. Мустақиллигимиз йилларида республикамиз музейлари фаолиятини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Музейнинг хилма-хил коллекциялари асосини Ўзбекистон амалий санъати ташкил этади. Ўзбекистон — Мовароуннаҳрда жойлашган жаҳон цивилизациясининг қадимий маданий марказидир. Экспозицияда Ўзбекистоннинг антик ва аввалги ўрта аср санъати асарлари ичидан энг қимматбаҳо экспонатлари ўрин олган. Эрамизгача бўлган II асрда Сурхондарё вилоятидаги Халчаён шаҳрининг қалъа-саройини безаган аввалги Кушон пластикасининг кўркам намуналари лойдан қилинган ҳайкаллардан ташкил топган. Бу асарлар эллинистик санъати анъаналари билан таниш бўлган маҳаллий ҳайкалтарошларнинг юксак маҳоратли уста бўлганликларининг яққол далилидир.

Ўрта аср даврида шаҳар цивилизациясининг йирик марказлари қаторида Самарқанд, Бухоро, Фарғона водийси, Чоч ва Тоҳаристоннинг шаҳарлари кирган. Шу давр санъатида диний мавзу билан бир қаторда аристократик мавзу ҳам кенг тарқалган. VII-VIII асрларда Варахшада жойлашган бухоролик ҳукмдорлар саройларининг ўсимликлар, ҳайвонлар ва ов саҳналари акс эттирилган ганчли декор парчалари ўрта аср санъатидаги зодагонлик оқимини ифода этади.

Меъморчилик декори, каштачилик, мисдан зарб қилинган буюмлар, хаттотлик санъати анжомлари ва унинг нусхалари (қўлёзма китоблар, қитъа устидаги хаттотлик ёзувлар ва ҳ.к.)дан иборат бўлган ғоятда ноёб коллекциялар музейда жамланган. Музей экспонатининг ярмидан кўпи анъанавий декоратив-амалий санъати коллекциясини ташкил этади. Унга ёғочга расм солиш ва ўйиб нақшлаш, ганч, бадиий кулолчилик, мисни зарб қилиш, заргарлик санъати, гиламлар, газламалар, каштачилик ва хаттотлик санъати намуналари киритилган.

Республика давлат амалий санъат музейида миллий маданиятимизнинг узвий қисми бўлган халқ амалий санъатининг энг ноёб ёдгорликлари сақланади. Музей экспозицияларида халқ амалий санъатининг 50 дан ортиқ тури намойиш этиб келинмоқда. Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида асрлар давомида халқ бадиий ҳунармандчилигининг ўзига хос йирик марказлари шаклланган, ҳар бир ҳудуд ўзининг бадиий безак санъати билан бошқалардан ажралиб турган. Хусусан, Чуст дўпписи, пичоғи, Риштон ўзининг ложувард сопол идишлари, Марғилон камалак товланма атласи, Бухоро зардўзлиги, Шаҳрихон пичоқчилиги билан маълуму машҳурдир.

Музей залларида сайр этар экансиз, инсон қўли билан яратилган мўъжизаларни, бетакрор санъат нафислигини кўриб олам-олам завқ оласиз.

Ўзбекистон давлат санъат музейининг ташкил топганига 2018 йил юз йил тўлади. Музейнинг энг катта тўпламларидан бири Ўзбекистон тасвирий санъат асарларининг коллекциясидир. Коллекция миллий бадиий маданиятнинг шу тури тарихини тўла-тўкис ифодалаб туради.Ўзбекистон тасвирий санъат бўлимининг шаклланиши 1930 йилларининг ўрталарида, рассомларнинг асарлари кўргазмалардан сотиб олинган асарлар ҳисобига бошланган. Бу асарларнинг кўпчилиги Ўзбекистон миллий санъатининг олтин фондига киритилган.

Ўзбекистон тасвирий санъат экспозициясида миллий рассомчилик, ҳайкалтарошлик ва графиканинг шаклланиши ҳамда ривожланишининг мураккаб ва антиқа, бир асрдан ортиқ бўлган тарихий йўлини кўрсатиб турибди. Музейга қўйилган асарлар миллий халқ санъатининг тематик ва жанр бойлигини, Ўзбекистон рассомларининг юқори даражали касб усталари эканлигини ва улар ижодининг ўзига хослиги ҳамда стилининг кўп қирралигини кўрсатиб туради. 1950 йилларда Ўзбекистонда тасвирий санъатнинг янги турлари шаклланди: монументал ёзув, дастгоҳли ва ландшафтли ҳайкал, графиканинг турлича техникаси. Аммо, аввалгидек муҳим ўзгаришлар сезилиб турган рассомчилик етакчи мавқега эга эди. Санъатга рассомларнинг янги авлодикириб келди. Рассомчилик билан биргаликда музейда 1950 йиллардан то бугунги кунгача бўлган Ўзбекистон ҳайкалтарошлиги ҳам кенг намоён қилинган. Мустақиллик йилларида тарихий ва маданий бойликларни асраб-авайлаш Ўзбекистон маданий сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб қолди.Маданият ишлари вазирлиги Ўзбекистон халқ усталари ва рассомлариниг асарларини кўргазмаларидан сотиб олиб, уларни музейга топшириш ва музей тўпламларини тўлдиришга кўмаклашишга катта эътибор бермоқда.

Музей фондлари ҳамиша тўлдириб турилмоқда. Бу эса оригинал нусхада тақдим этилган бой ва қизиқарли музей тўпламлари билан гўзаллик шайдоларини таништириш имконини беради. Бўлимларнинг илмий ходимлари альбомлар, каталоглар ва буклетлар яратиш учун тўпланган материалларни ихтисослаштириш бўйича иш олиб боришади, фонд ва тўпламларнинг мазмунини синчковлик билан ўрганишади. Музей олий ва ўрта махсус билим юртларининг илмий базаси ҳисобланади. Унинг бўлимларида рассомлар, санъатшунослар, музейшунослари ва реставраторлар амалиёт ўтайдилар.Музей залларида турли халқларнинг замонавий санъат кўргазмалари ташкил қилинади. Америка, Осиё ва Европа мамлакатларининг кўргазмаларида музей тўпламларидаги қатор асарлар Ўзбекистон санъатини муносиб намоён қилмоқда.

Ўзбекистон давлат санъат музейи – мамлакатдаги энг сергавжум масканлардан бири. Музейга ҳар йили 200 000 дан ортиқ санъат ихлосмандлари ташриф буюради. Ҳозирги вақтда музей жаҳондаги энг яхши музейлар рўйхатига киритилган. У Ўзбекистон Республикасининг маданияти ва санъатини тарғиб этиш, мамлакатимиз ва жаҳон маданиятларининг дурдоналари билан кенг жамоатчиликни таништиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс”