2017-05-19 19:00:00

МУЗЕЙЛАР — МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ

Музейлар — маънавиятимиз кўзгуси, уларда жамланган ёдгорликлар биз кимнинг, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигимизни кўрсатиб берувчи ноёб манбалардир.

Шуни эътироф этиш жоизки, бугун мамлакатимиздаги музейлар фаолиятини янада яхшилаш, уларни замонавий шарт-шароитлар билан таъминлаш масаласига катта аҳамият қаратилмоқда. Истиқлол йилларида Ўзбекистон тарихи давлат музейи, “Қатағон қурбонлари хотираси”, Темурийлар тарихи давлат музейи, Археология музей (Термиз шаҳрида)лари ташкил этилганлиги тарихий адолатни тиклаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар сирасидандир. Айниқса, Биринчи Президентимизнинг 1998 йил 12 январда қабул қилинган “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, юртимизда мавжуд музейлар тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг халқ, хусусан, ёш авлод маънавий-ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музей захираларида сақланиб келинаётган нодир экспонатларни авайлаб-асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб этиш борасида кўплаб амалий ишлар қилинди.

Ҳозирги кунга келиб, мамлакатимиз музейларида қатор янги йўналишлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу музейшуносликда коммуникацион ёндашувнинг шаклланганлиги, экомузеология, музей-педагогика тадқиқотлари олиб борилаётгани, маданий-маърифий экспозициялар ташкил этилаётгани ва музей ишининг барча йўналишларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланилаётгани мисолида ўз ифодасини топаётир.

Маълумки, ЮНЕСКО қарори билан Хива, Бухоро ва Термиз каби тарихий шаҳарларимизнинг юбилей санаси юртимизда ҳамда халқаро миқёсда кенг нишонланди. Ушбу тадбирлар туфайли тарихий обидаларни таъмирлаш ва қайта тиклаш, шунингдек, мазкур ҳудудлардаги музейлар ишини тубдан яхшилаш, уларнинг фондини янги археологик тадқиқотлар орқали тўлдириш имконига эга бўлдик. Шунингдек, Термиз археология музейи кўҳна шаҳарнинг қутлуғ тўйи муносабати билан барпо этилиши уни бебаҳо маданий масканлардан бирига айлантирди.

Мазкур музей Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Унинг муҳташам биноси шарқона меъморчилик услубида қурилган бўлиб, кириш зали, 9 та асосий зал ва маҳобатли устунлар билан безатилган галереядан иборат. Кириш залида турли тарихий даврларга тегишли тош ва гипсдан ишланган ҳайкаллар, тош ҳовуз ҳамда катта ҳажмдаги сопол хумлар жой олган. Шу ернинг ўзида воҳа тарихининг турли даврларига оид 20 та археологик иншоотнинг рельефли харитаси ҳам мавжуд. Асосий залларда эса Сурхондарё вилоятидан топилган энг қадимги одамларнинг тош қуроллари, моҳир усталарнинг санъат асарлари хронологик тартибда жойлаштирилган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда яна бир тарихий-маданий маскан — “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди. Бу ерда қатағончилик сиёсатининг пайдо бўлиши, унинг сабаб ва оқибатлари тадқиқ этилиб, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ҳамда уларни ёд этиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Музей захираси мамлакатимиз ҳамда хориждаги турли ҳужжатлар, экспонатлар билан мунтазам бойитиб борилмоқда. Қувонарлиси шундаки, озодликни орзу қилиб ўтган ота-боболаримиз хотирасига эҳтиром руҳида ўсиб-улғаяётган ва бугун юртимиз тарихи билан боғлиқ асл ҳақиқатларни билишга қизиқадиган ёшларимизнинг қадами бу ердан узилмайди. 

Бугунги кунда музей ва музей-қўриқхоналарнинг халқаро алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Бунинг самараси ўлароқ, миллий экспонатларимиз Париж, Лион, Штутгарт, Ганновер сингари сайёҳлик соҳаси тараққий топган шаҳарлардаги йирик кўргазмаларда намойиш қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Амалий санъат музейи экспонатлари Бруней қироллиги, АҚШ, Малайзия, Озарбайжон, Австралия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ҳамда Япониянинг қатор шаҳарларида бўлиб ўтган маданий тадбирларда “Тарихий Ўзбекистоннинг амалий санъат дурдоналари” номи остида санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинди. Юртимиз музейларида эса Польша, Япония, Франция, Испания ва бошқа мамлакатлардан олиб келинган тасвирий ҳамда амалий санъат асарлари, фотосуратлар кўргазмаси мунтазам ташкил этилмоқда. Албатта, буларнинг бари халқимизнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, кенг тарғиб қилиш ва мана шу бебаҳо бойликни авлоддан-авлодга етказиш мақсадида амалга оширилаётган хайрли чора-тадбирлар натижасидир.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири