2017-06-05 11:25:00

ЁШ ШАХМАТЧИЛАРИМИЗНИНГ НАВБАТДАГИ ҒАЛАБАСИ

Жорий йилнинг 4 июнь куни Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида 8, 10 ва 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида блиц бўйича биринчи Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада дунёнинг 25 мамлакатидан 532 нафар ёш шахматчилар иштирок этишди. Турнирда швейцарча тизим бўйича 9 тур ўйналди. 

10 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги очиқ категорияда мамлакатимиз ёш шахматчилари юқори натижа қайд этиб, биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритишди. 8 очкодан баллни қўлга киритган ҳамюртларимиздан Исломбек Синдаров шахсий учрашувда қўшимча кўрсаткич билан блиц бўйича жаҳон чемпионига айланди. Абдулбосит Шарифжонов эса кумуш медал соҳиби бўлди.

Юқори даражада ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақанинг тантанали ёпилишида ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов, Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Александр Шамко, Европа шахмат иттифоқи президенти Зураб Азмайпарашвили ва бошқалар иштирок этиб ғолибларни тақдирлашди.

Шунингдек, жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари бўлиб ўтган болалар ўртасида рапид бўйича жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди.

Ушбу йўналиш бўйича 10 ёшгача ўғил болалар ўртасида Исломбек Синдаров кумуш медални, 8 ёшгача бўлган қизлар ўртасида эса Афруза Хамдамова фахрли бешинчи ўринни қўлга киритди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”

Фото: uzchess.uz