2017-06-05 12:40:00

ТАБИАТНИ ТОЗА САҚЛАЙЛИК!

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан «Мен табиат билан биргаман» шиори остида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги тоғолди ҳудудларни тозалаш бўйича экологик акция ўтказилди.

Акцияда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси,  БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, она табиатимизнинг  сўлим гўшаларидан бири саналаган ушбу ҳудудни турли кўринишдаги чиқиндилардан ҳимоя қилишда муносиб ҳисса қўшдилар.

Бугунги кундажамиятда экологик маданиятни юксалтириш, табиатни муҳофаза қилишда жамоатчиликнинг фаоллигини ошириш, экологик таълимни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ва “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фуқароларимиз томонидан табиатнинг бебаҳо бойликларини асрашга, унинг ҳар-бир қарич ерини тоза сақлаб, келажак авлодларимизга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Тадбирда таъкидланганидек, экологик муаммоларнинг олдини олиш, аҳолини экологик билим ва дунёқарашини юксалтириш, бу борадаги миллий қадриятлар ва урф-одатларимизни ёшлар онгига чуқур сингдириш, экологик тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. «Экоҳафталик – 2017» акцияси ҳам табиатни асраб-авайлашга, инсонларни маънавий ва маъданий жиҳатдан бирдамликга чақиришга ундайди.

Бўстонлик туманида олиб борилган тозалик ишларидан сўнг жойларда «Атроф-муҳитни тоза сақланг», «Табиатимиз учун ўзимиз жавобгармиз», «Ёш авлодга ўрнак бўлайлик» каби иборалар ёзилган белгилар қўйилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”