2017-06-05 13:13:00

“СТАРТ-АП”ҲАФТАЛИКЛАРИ” ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Жорий йил 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида касб-ҳунар коллежи ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес ғояларини саралаш “СТАРТ-АП” ҳафталиклари инновацион ғоялар танловининг намунавий тарзда якуний туман босқичи ўтказилди.

Ҳафта давомида ўтказилган тадбирлар давомида тумандаги 10 та касб-ҳунар коллежлари ва 7 та олий таълим муассасаларининг 1294 нафар битирувчилари ўз бизнес ғояларини 100 дан ортиқ корхона ташкилотлар ҳамда туман ҳокимлигининг иқтисодий мажмуаси таркибидаги тижорат банклари, молия, солиқ идоралари, Бандликка кўмаклашиш маркази ва манфаатдор ташкилотларга намойиш этишди.

Тадбир давомида битирувчилар ўзларининг инновацион ғоялари асосида ишлаб чиққан “Старт-ап” лойиҳалари мамлакатимиз бозорини автоматлаштириш, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи ўртасида онлайн алоқани ўрнатиш тизими, ёшларни, айниқса,хотин-қизларни иш билан таъминлашга ихтисослаштирилган дастурлар, мева-сабзавотлар уруғи ва данакларидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш, оилавий ҳамда ногирон ва қариялар учун ихтисослаштирилган спорт-соғломлаштириш марказини йўлга қўйиш, ахборот технологиялар соҳасини ривожлантириш каби кўплаб,яъни 100 дан ортиқ инновацион лойиҳаларини тақдим этишди.

Тадбирда коллеж ҳамда олий ўқув юртлари битирувчилари ўзларининг инновацион бизнес ғоялари асосида ишлаб чиққан лойиҳаларини қизиқиш ва интилувчанлик билан намойиш этишаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу тадбир ёшларни ўз бизнес ғоялари асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига кўмаклашиш билан бирга бандлигини таъминлашга хизмат қилаётганлиги, айниқса, бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари ҳисобига реал даромадларга эга бўлиш имконияти яратилганлиги иштирокчилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2017 йил 30 майдан 3 июнь кунига қадар давом этган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги дастлабки саралаш босқичи мобайнида битирувчилар томонидан тижорат банклари ҳамда салоҳиятли инвесторлар, давлат ҳокимияти органлари вакилларига ўз лойиҳаларини намойиш этишлари ва ўз бизнесларини бошлашлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилди.

Старт-ап ҳафталиклари” —инновацион ғоялар танловининг туман босқичида энг яхши лойиҳалар ташаббускорларига тадбир ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини биринчи қадам сифатида, яъни шуернинг ўзидан бошлашлари учун тижорат банкларинин гмолиялаштириш тўғрисидаги махсус “Кредитлаш сертификатлари” билан тақдирланди.

Касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларидан 6 нафар битирувчиларнинг (Ниғматжон Анваров, Лайло Давлатёрова, Саида Жалилова, Дилмурод Мадрахимов, Оқилжон Азизжонов, Мухлиса Азимова, Азиза Эргашева) “Старт-ап” лойиҳалари туман Ишчи комиссияси томонидан муносиб деб топилди ва танлов ғолиби сифатида қимматбаҳо совғалар ҳамда тижорат банкларининг молиялаштириш тўғрисидаги махсус “Кредитлаш сертификатлари” билан тақдирланди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”