2017-06-07 14:03:00

ТАБИАТНИ БИРГА АСРАЙЛИК

Пойтахтимизда “Экоҳафталик – 2017” доирасида “Табиий ресурсларни барқарор бошқариш – атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг муҳим омили” мавзуида илмий ва амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологияни асраб-авайлаш, шунингдек, табиатни турли кўринишдаги чиқиндилардан тозалаш ва азон қатлами емирилишининг олдини олиш масалалари муҳокама этилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Фарид Қорахоновнинг таъкидлашича ушбу ташаббус яъни (Бутунжаҳон атроф-муҳит куни) табиий тизимларга тушаётган босим критик нуқтагача етиб келмаслиги учун инсонларни фаолроқ чоралар кўришига даъват қилади.

Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда 100 дан ортиқ давлатлар 5 июнь санасини кенг нишонлаб келади. Шундан кўриниб турибдики, табиат, инсон ва жамият эҳтиёжларини инобатга олувчи янги мақсад ва вазифаларни ўз олдиларига мақсад қилиб қўймоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда 1999 йилдан буён ҳар 5 йилда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича давлат миқёсида ҳаракатлар дастури қабул қилинмоқда. “Мен табиат билан биргаман” шиори остида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, ер ва сув ресурслари ифлосланишининг олди олинмоқда. Бу борада Андижон, Қўқон, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида умумий узунлиги 211,5 км.га тенг ариқлар тозалангани, канализация тармоқлари қурилиб, реконструкция қилингани таъкидланди. Шунингдек, Навоий вилоятида маиший чиқиндилар бўйича катта ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилиб, чиқинди ташланадиган контейнерларни эндиликда ер устида эмас, замонавий кўринишда ер остига жойлаштириш устида иш олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад турли кўринишдаги чиқиндилардан таралаётган нохуш ҳидлар экологияга таъсир ўтказмайди. Бундан ташқари, турли ҳашаротлар ҳам камаяди.

Бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлган Орол муаммосининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, унинг қуриб қолган тубида 76,1 минг гектарга тенг майдонда ҳимоя вазифасини ўтовчи дарахтзорлар барпо қилингани асосан экологияни асрашга қаратилган.

Маърузада таъкидландики, маиший чиқиндиларни ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш тизимини ташкил қилиш (жумладан чиқиндилар билан ишлашнинг аниқ тизимини яратиш, инфратузилмани ривожлантириш, махсус техника паркларини янгилаш, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида моддий-техника базасини яратиш учун молиялаштириш механизимини шакллантириш) бўйича вазифани амалга ошириш мақсадида чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш бўйича янги инспекция ташкил қилинаётгани маълум қилинди.

Тадбир сўнггида мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтаришди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ

“Туркистон-пресс” мухбири