2017-06-08 15:07:00

РАВШАН КОМИЛОВ: ОДАМ БЎЛИБ КЕЛДИК, ОДАМ БЎЛАЙЛИК...

Қўшиқ сеҳри ҳамиша кишини ўзига маҳлиё этиб келган. Шу боис, барча замонларда санъат қадрланган, санъаткор эл ардоғида бўлган. Албатта, санъаткор ҳам бу каби юксак эътирофга муносиб бўлишга интилиб яшайди. Куй-қўшиқ мадҳи, ижод жараёни, санъаткор ҳаёти ҳақидаги мулоҳазалар тинмайди. Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз ҳам ўзининг турфа рангли хонишларию, миллийлик нафаси йўғрилган куй-қўшиқлари орқали халқимиз қалбига йўл топа олган санъаткор Равшан Комилов. Ўзига хос ижоди билан мухлислар дардини куйлай олган санъаткорнинг бугунги кун санъатига бўлган муносабатига қулоқ тутдик.  

– Кўпчилик мухлислар томонидан ўзига хос услубга эга санъаткор сифатида эътироф этилгансиз. Миллий йўналишдаги қўшиқчилик санъати ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Мустақиллик шарофати билан миллий қўшиқчилик санъатига бўлган эътибор анча ошди. Ҳозирда мухлислар ва телеканаллар томонидан ҳам миллий қўшиқларга бўлган талаб катта. Ёш ижодкорларнинг кўпчилиги устоз санъаткорларимиз томонидан миллий йўналишда ижро этилган ашулаларни янги талқинда куйламоқда. Бу каби қўшиқларнинг ёшларнинг тарбиясидаги ўрни муҳим, албатта. Шахсан ўзим ҳам устозларим қўшиқларининг баъзиларини ўз ҳолича, баъзиларини бугунги кунга мослаб, ўзгартирган ҳолда ижро этганман. Бундан кўзланган мақсад бугунги ўсиб келаётган ёш авлодга миллий руҳиятни сингдиришдир. Менимча, бунга оз бўлсада эришмоқдамиз, десак муболаға бўлмайди.

– Санъаткор ким учун ё нима учун ижод қилади?

– Менимча, халқ таниган, эл хизматида юрган санъаткорларнинг ҳаммаси ўз мухлисига эга. Ўзим ҳам санъаткор бўлганлигим боис, етти ёшдан етмиш ёшгача мухлисларим бўлишини ва уларнинг кўнглига ўз хонишларим орқали кириб боришни орзу қилганман. Бугунги кунда санъаткорлар орасида мухлис учунмас халққа ўзини танитиш ва моддий манфаат учунгина ижод қиладиганлари ҳам бор. Бу албатта санъаткор номига ярашмайдиган иш. Санъаткор бўламан, деган инсон фақат халқ учун ва мухлислари учун ижод қилиши ва бу номни оқлаши шарт. Ижод маҳсулида эл дарди, қувончи ва яхшиликка ундов бўлмоғи лозим. Шундагина бу қўшиқ севиб эшитилади, узоқ яшайди.

– Хориж қўшиқларига тақлид ёки кўчирилган ҳолда ижро этилган қўшиқларга муносабатингиз?

– Албатта, ушбу мавзу ҳозирги санъаткорлар орасида жуда долзарб бўлиб турибди. Бирор чет эл хонандаси қўшиғидан таъсирланиб, шунга ўхшаш қўшиқ ёки клип яратиш мумкин. Аммо уни худди ўзидай қилиб, мухлисларга намойиш қилиш санъаткорга нисбатан салбий муносабат пайдо бўлишга олиб келади. Тўй-ҳашамларда ижро этиладиган шўх қўшиқларни яратишда қайсидир бир миллат қўшиғидан тўлиқ эмас, меъёрида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Инсон гўзалликка, эзгу мақсадларга интилиб яшаши керак. Яхши қўшиқ, яхши куй, яхши асар – инсон ўшандан андоза олади. Агар меъёрида бўлса, хориж қўшиқларидан андоза сифатида фойдаланилиш мумкиндир, балки.

– Ҳақиқий санъаткор сизнинг назарингизда ким?

– Ҳақиқий санъаткор эшитгувчини бир йиғлатиб, бир кулдирадиган, ҳаётга ишқини оширадиган  инсондир. Қўшиқ яратишдан асосий мақсад бир инсон қалбига йўл топиб, унинг дардини енгиллатишдир. Масалан, мен бирор мавзу атрофида куйланган қўшиқларни яхши кўраман ва шу йўналишда ижро этишга ҳаракат қиламан. Мисол учун, бир одамнинг фақат қиз фарзандлари бор, ўғли йўқ. Ижодий гуруҳ билан мана шу мавзуни бир ярим йил давомида ўрганиб, шоирлар, бастакорлар билан маслаҳатлашиб яратганмиз. Шу қаторида етим бола тилидан айтилган она қўшиғи. Мендан кейин бу анъанани бошқа санъаткорлар ҳам давом эттиришди. Мен бундан фақат хурсанд бўлдим. Чунки, кимнидир дардига малҳам бўла олган бўлсак, бундан кўнглимиз кўтарилади. Ўзим ҳам устозлар анъанасини давом эттириб, “Тўй бола” қўшиғини ижро этганман. Бундан кўзланган мақсад ўзбек урф-одатларини ёшлар ва айниқса, хорижликларга таништириш бўлган. Чунки чет элликларда бизнинг миллий урф-одатларимизга бўлган қизиқиш жуда юқори. Мазкур қўшиқ ҳозирга қадар интернет орқали кўпчилик хорижликлар томонидан эътироф этиб келинади. Хонандалар бир хил мавзуда чегараланиб қолмаслиги керак. Ўз қўшиқларида ҳазил-мутойибадан ҳам фойдаланиб туриши ҳам мақсадга мувофиқ. Мисол учун, “Озодани севаман”, “Кампирга совчи келди” каби қўшиқларим. Булар ярми ҳазил, ярми чин қилиб яратилган қўшиқлардир. Фақат жиддий мавзуда куйланган қўшиқлар ҳам мухлисларни зериктириб қўйиши тажрибадан маълум.   

– Қўшиқ яратишда асосан нималарга эътибор қаратасиз?

– Қўшиқларимни яратишда жуда талабчанман. Қўшиқ ва клипларимнинг ҳар бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Бундан етти-саккиз йиллар олдин бир йилда 10-15 та қўшиқ яратиларди. Уларнинг энг сараларигина эфир юзини кўрарди. Шунинг учун ҳам уларнинг яратилишига алоҳида эътибор жалб қилинарди. Бугунги кунда эса бу манзара анча ўзгарган, назаримда. Чунки телеканаллар орқали намойиш этилаётган қўшиқларнинг ҳаммасини ҳам маъноли, савияли деб бўлмайди. Қайси йўналишдаги қўшиқ бўлишидан қатъий назар, мен ўз услубимдан келиб чиқиб яратаман. Мисол учун, “Соҳибқироним” қўшиғини олайлик. Мазкур қўшиққа алоҳида рақс тайёрланган. Унда 16 та раққоса қатнашиб, ўз истеъдодини намойиш қилган. Рақснинг тайёрланишида ҳам шахсан ўзим қатнашганман. Қўшиқ мухаммас йўналишида куйланган. Бу қўшиқни ёшлигимдан ижро этишни хоҳлаганман. Анча вақт давомида уни ўрганганман. Мендан олдин ижро этган устозларнинг услубини ўрганиб, ундан кейингина қўшиқни ижро этганман.

– Устоз-шогирд анъаналари хусусида мулоҳазаларингиз.

– Ҳар бир соҳада ҳам устоз кўрмаган шогирд ўз йўлини топишда катта қийинчиликларга дуч келади. Ҳеч бир инсон юз фоиз мукаммал бўлмайди, ҳамманинг ҳам ўзига яраша камчиликлари ва ютуқли томонлари бўлади. Кимгадир ҳавас қилиб, уни устоз деб атаб, ундаги фазилатларнинг ярмигагина эга бўлиш мумкин. Саҳна муқаддас жой. Буни шогирдларимга ҳам, ўғлим Фаррухга ҳам ҳар доим таъкидлаб келаман. Ҳар бир соҳада ҳам ўз устасининг ўз даври келади ва вақт ҳукми билан бу давр ҳам ўтиб кетади. Бу каби даврлардан муваффақият билан ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бундай пайтларда кибр, ўзбошимчалик, манманлик каби туйғуларга алданиб қолмаслик керак. Устоз-шогирд муносабатлари эса бунда катта ёрдам беради. Кимгадир ўз билганларимизни ўргатиш, ширин сўз, яхши амаллар билан тушунтириш орқали фақат ҳурмат қозониш мумкин. Ширин сўз санъаткорларнинг асосий қуролидир.

– Қўшиқчилик санъати истиқболлари ҳақида .

-  Бугун санъаткор бўламан деган ёшларга кенг имкониятлар эшиги очилган. Қўшиқчилик санъати кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам истеъдодли санъаткорлар қўлидадир. Ҳаракатга яраша эътирофга эришиш, ўзига хос марраларни забт этиб халқ эътиборига тушиш мумкин. Аммо, юксак чўққидаги ўринни сақлаб қолиш ҳам ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Бир-иккита ашула айтиб, танилиб ижоддан тўхташмас, доимий изланиш ва ҳаракатда бўлмоқ зарур, менимча. Санъаткор халқи қанча юксакка чиқса, унга бўлган талаблар янада ошади, рақобатдошлар ҳам кўпаяди. Санъат аҳли кўпайгандан кейин мухлисларнинг диди ҳам нозиклашиб боради. Бугунги кунда ёш санъаткорлар сони ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Уларнинг орасида иқтидорлилари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бугунги кун санъаткори миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштира олсагина ўз мақсадига эриша олади. Ҳаракат қилган инсон ҳар бир жабҳада ютуқларга эришади. Бугунги ёшларимизнинг ижодий ишларига муваффақиятлар тилаб қоламан.

“Туркистон-пресс” мухбири

Гулшода ЖУМАНИЯЗОВА суҳбатлашди.