2017-06-09 19:39:00

“СТАРТ-АП ҲАФТАЛИГИ” — ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ТАНЛОВИНИНГ ЧИЛОНЗОР ТУМАН БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йил 7 июнь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги  Чилонзор туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент давлат университетида “Старт-ап ҳафталиги” — инновацион танловининг туман босқичи ўтказилди.

Ташкил этилган танловда тумандаги касб-ҳунар колежларидан 34 нафар ҳамда олий таълим муассасаларидан 46 нафар битирувчи ёшлар ўзларининг бизнес ғоя ва лойиҳалари билан иштирок этишди.

Шунингдек, тадбир давомида туманда фаолият олиб бораётган 30 дан ортиқ саноат, тўқимачилик, янги инновацион технология, миллий ҳунармандчилик йўналишларида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва бугунги кунда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан маҳаллий ва хорижий бозорни эгаллаган тадбиркорнинг ижодий кўргазмаси ташкил этди.

“Старт-ап” танлови иштирокчилари ўзларига бириктирилган аудиторияларда ўз бизнес лойиҳаларини тақдимотларини бошлашди. Тақдимотлар икки гуруҳга бўлинган ҳолда касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари кесимида алоҳида-алоҳида ташкил этилди.

Танловда иштирок этган ёшлар аҳолига хизмат кўрсатиш, имконияти чекланган фуқароларга протезлар, косметика воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш йўналишларида ўз бизнес ғояларини намойиш этишди.

Лойиҳа якунларига кўра, фаол иштирок этган битирувчиларга сертификатлар, шу жумладан, 32 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиларига тумандаги тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш имкониятини берувчи сертификатлар топширилди.

 Шунингдек, лойиҳада “Энг яхши инновацион ғоя”, “Энг яхши ахборот дастури”, “Энг яхши ҳунармандлик йўналишидаги ғоя” йўналишларида алоҳида ғолиблар аниқланди.

Касб-ҳунар коллежлар ўртасида фахрли 1-ўринни Тошкент радиотехника ва автоматика касб-ҳунар коллежи битирувчиси Муҳаммад Умаров, 2-ўринни шу коллежнинг яна бир битирувчиси Фазлиддин Абдуманнопов, 3-ўринни 1-Республика тиббиёт коллежи битирувчиси Ҳилола Тўхтамуродовалар эгаллашди.

Олий таълим муассассалари кесимида 1-ўринни Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Ойбек Фузаилов, 2-ўринни шу университетнинг талабаси Иброҳим Асқаралиев, 3-ўринни Азамат Абдуллаевлар эгаллашди.

Ташкилотчилар томонидан 1-ўрин соҳибларига замонавий ноутбук, 2-ўрин эгаларига планшет ва 3-ўрин соҳибларига эса замонавий смартфон телефонлари совға тариқасида топширилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”