2017-06-09 20:20:00

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА “СТАРТ-АП ҲАФТАЛИГИ” ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Жорий йил 5-8 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Амударё, Беруний, Кегейли, Чимбой ҳамда Қонликўл туманларида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг бизнес ғояларини саралаш “Старт-ап ҳафталиклари” — инновацион ғоялар танловининг туман боскичлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбир давомида битирувчилар ўзларининг ғоялари асосида ишлаб чиққан “Старт-ап” лойиҳалари — аҳолига хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, гўзаллик салони, тикувчилик, савдо ҳамда бошқа кўплаб лойиҳалар бўйича ўз бизнес ғояларини тақдим этишди.

Хусусан, Амударё туманида 43 нафар, Беруний туманида 40 нафар, Кегейли туманида 52 нафар ҳамда Чимбой туманда 50 нафар ва Қонликўл туманида 42 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари танловда ўз бизнес ғояларини туман ҳокимлигининг иқтисодий мажмуаси, тижорат банклари, молия, солиқ идораси, Бандликка кўмаклашиш марказлари ва манфаатдор ташкилотлар вакилларига намойиш этишди.

Мисол учун, Амударё туманидаги тадбир давомида 8 та коллеж битирувчисининг бизнес ғоялари туман Ишчи комиссияси томонидан муносиб баҳоланди ҳамда уларга тижорат банкларининг 52,4 млн. сўмлик молиялаштириш тўғрисидаги сертификатлари топширилди.

Чимбой туманида ўтказилган танловда бизнес ғоялари туман Ишчи комиссияси томонидан муносиб деб топилган битирувчилар — Байрам Сарсенбаев аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси буйича 100 млн., чорвачилик соҳасида Азамат Калмуратов 80 млн., Айдос Абдуллаев, Дилбар Насирова ва Наргиза Якупбаевалар 7,4 млн.,Гулчеҳра Сейдабуллаева 7,5 млн., паррандачилик соҳасида Меҳрибан Генжемуратова 3 млн., савдо ва хизмат кўрсатиш буйича Абдурасул Кыдырбаев 7,5 млн. микдорида тижорат банкларининг молиялаштириш тўғрисидаги махсус сертификатлари билан тақдирландилар.

Шунингдек, Кегейли туманидаги “Старт-ап ҳафталиги” — инновацион ғоялар танлови давомида 11 нафар коллеж битирувчиларининг бизнес лойиҳалари туман Ишчи комиссияси томонидан муносиб баҳоланиб, тижорат банклари томонидан молиялаштириш имкониятини қўлга киритишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”