2017-06-12 15:05:00

“ТОЗА БОЗОР” АҲОЛИСИ ТОЗА ИЧИМЛИК СУВИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Хоразм вилоятининг Хонқа, Шовот, Янгибозор туманлари ва Урганч шаҳрида сайёр қабуллар ўтказилди.

Уларда аҳоли ўйлантириб келаётган бир қатор муаммоларга ечим топилди.

Жумладан, Боғот тумани “Тоза бозор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Сўнажон Душамованинг мурожаатига асосан маҳалладаги мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

– Президентимизнинг Халқ қабулхонасига ўзим истиқомат қилаётган “Тоза бозор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8-мактабгача таълим муассасасини тезроқ ишга тушириш бўйича мурожаат қилган эдим, – дейди С.Душамова. – Бугунги сайёр қабулда тегишли ташкилотларга керакли кўрсатмалар берилди ва шу йилнинг 10 июлида ушбу муассаса болалар ихтиёрига топшириладиган бўлди. Маҳалламизни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, йўлларни капитал таъмирдан чиқариш бўйича ҳам қатъий муддатлар белгиланиб, маъсул раҳбарларга топшириқлар берилди. Бундан бутун маҳалламиз аҳли хурсанд. 

Сайёр қабулларда кўриб чиқилган масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. 

“Туркистон-пресс”