2017-06-13 14:24:00

САЙЁРАМИЗ ТОЗАЛИГИ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА

Юртимизда бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ва кулай бўлган меҳнат шароитларини барпо этиш юзасидан барча жабҳаларда ривожланган технология ва имкониятларни ҳаётга тадбиқ этиш билан биргаликда, атроф-муҳит ва табиат мусаффолигига ҳам алоҳида эьтибор қаратиб келинмоқда.

Биргина бунга мисол: яқинда 5 июнь Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Мен табиат билан биргаман” шиори остида экоҳафталик ташкил этилди. Ушбу ҳафталик доирасида инсон ва табиат уйғунлиги, табиат ривожига инсон ортиқча таъсирининг омили ва бунинг натижасида келиб чиқаётган муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бугун бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиб, давлат сиёсати даражасида муҳокама этилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони эса бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Мазкур фармон талабидан келиб чиқиб, унинг жойлардаги ижросини таъминлаш ва ёшлар ўртасида экологик маданиятни шакллантириш борасида давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Яқинда ана шундай давра суҳбатларидан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Навоий давлат кончилик институти қошидаги 2-сонли академик лицей фаоллар залида “Тоза табиат — соф келажак учун” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳар бир оила олдидаги вазифалардан бири бу —болалар онгида ёшлигиданоқ экологик онг ва экомаданиятни шакллантириш, уларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш, ноёб табиатни асл ҳолича келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш ҳиссини вужудга келтириш орқали атроф-муҳитга етказилиши мумкин бўлган салбий таъсирнинг олдини олишдан иборат.

Шунингдек, экологик муаммоларнинг олдини олишда ёшларнинг экологик билим ва дунёқарашини бойитиш, бу борадаги миллий қадриятларимизни ёшлар онгига чуқур сингдириш, экологик тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада эса бугун мамлакатимизда кен кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабгача таьлим муассасалари ва мактабларда табиатга оид дарслар, ўкув қўлланмалари ўқув биноси залларида эса турли хилдаги мавзуга оид деворий стендлар ташкил этилган. Бу каби ишлар ёшлар орасида атроф-муҳитнинг тоза ва мусаффолиги нафақат мамлакатимиз, балки сайёрамиз учун ҳаётий зарурат эканлигини тарғибот қилиниш билан эътиборлидир.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири