2017-06-13 17:32:00

МУАММОЛАР ЕЧИМИ БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида бўлиб, ҳудудни ривожлантириш борасидаги энг муҳим вазифалар ижроси билан танишди, халқ билан мулоқот ўтказди.

Парламент аъзолари томонидан тумандаги аҳволни ўрганиш натижалари халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, туман кенгаши депутатлари, корхона-ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари 10 кун давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

– Туманда ҳудудни комплекс ривожлантириш дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилган, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зумрад Бекатова. – Парламент аъзолари Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга аҳолининг муносабатини аниқлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида тумандаги 22 маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидаги 378 хонадонда бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Йил бошидан буён бу ерга келиб тушган 72 мурожаатнинг 52 таси ҳал этилган. 

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди, кўрсатилаётган хизмат сифати ва дори-дармон воситалари билан таъминланиш даражаси ўрганилди. Бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари учун умумий амалиёт шифокорлари етишмайди, тиббиёт бирлашмасида дори-дармон билан таъминланиш даражаси 47 фоиз, қишлоқ врачлик пунктларида эса бу кўрсаткич 38 фоизни ташкил этади, холос. Бирлашманинг айрим бўлимларида замонавий тиббиёт ускуналари етишмайди. Мавжуд 20 “Тез ёрдам” автомобилининг 5 таси таъмирталаб, оилавий поликлиника шифокорларининг қабули режа асосида ташкил этилмаган. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бу муаммоларни бартараф этиш учун патронаж хизматини яхшилаш, шифокорларнинг малакасини ошириш, аҳолига юқори ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш, қуйи бўғин ходимларидан тортиб раҳбарларгача ишга янгича ёндашиши зарурлигини таъкидлади. 

Парламент аъзолари томонидан тумандаги 63 кўп қаватли уй-жойга хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти қониқарсиз аҳволда экани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Аҳоли бандлигини таъминлашга масъул бўлган муассасаларнинг иш самарадорлиги талаб даражасида эмаслиги, коммунал тўловлардаги камчиликлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари 114 тадан 155 га ўсгани танқид қилинди. 

Билдирилган таклиф-мулоҳазалар, муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА