2017-06-15 11:11:00

ОҚТЕПА ЁНҒОҚЛАРИ ХОРИЖГА ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида нафақат сувли ер майдонларидан икки уч мартадан ҳосил олиш, балки лалми ердан ҳам яхшигина фойда олиш, тоғ ёнбағирларини ўзлаштириш ҳисобига янги боғ-роғлар барпо этишдек эзгу ишларга қўл урилиб келинаяпти.

Биргина Қўшработ тумани мисолида айтадиган бўлсак, эндиликда бир умр қўй-қўзи боқиладиган қир адирлар ўрнида ям яшил боғлар, поёнсиз токзорлар барпо этилганлигини кўриб тўғриси кўзинг қувнайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қўшработ туманидаги Оқтепа қишлоғи даштларида ёнғоқзор барпо этиш ташаббуси билан чиққан эди ва илк кўчатни Юртбошимиз қадаганди. Бугун ана шу ёнғоқзор баравж ўсаётир.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ҳам айни ана шу каби ҳудудларга ўхшаган лалми ерларда ёнғоқ етиштирувчиларни рағбатлантиришни кўзда тутганлиги билан аҳамиятлидир. Узоқни ўйлаб қилинган бу хайрли ишлардан бири бўлиб, агар ҳар биримиз самарадорликни оширсак, ички ва ташқи бозорни рақобатбардош бўлган ёнғоқ билан тўлдириш имкониятига эга бўламиз.

Давлатимиз раҳбари қарорда таъкидланганидек, биз, фермерларга кенг имконият яратиб, ёнғоқ ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, меҳнатни рағбатлантириш тўғрисида қайғураётган экан, бу янада унумли ишлашга руҳлантириши табиий.

Ахир етиштирилган тайёр маҳсулот экспорт қилинса, ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар уюшмага бирлашса, ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган янгилик кенг жорий этилса, демак, ошиғимиз олчи бўлиши турган гап. Шуларни назарда тутиб, келгусида ёнғоқзорларни янада кенгайтирмоқчимиз. Ҳозир тайёр маҳсулотни сақлаш учун минг тонналик сиғимга эга музлатгич омбор тайёрлаб қўйилди. Насиб бўлса, ёнғоқ дарахти тўлиқ ҳосилга киргач, маҳсулотимиз ички бозордан ташқари Араб давлатлари, Туркия ҳамда барча Ҳамдўстлик мамлакатларига экспорт қилинади.

Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёда юқори ўринда туришини яхши биламиз. Хусусан, ўрик, олхўри, узум, карам ва бошқа қатор мевалар, сабзавот маҳсулотлари экспортида етакчи ўнта давлат қаторида эканмиз. Бу мева-чевалар қаторига экспортбоп ёнғоқ ҳам қўшилишига шубҳа йўқ.

Баҳодир БИНАЕВ,

Қўшработ туманидаги

«Оқтепа унумдор замини»

 фермер хўжалиги раҳбари.

(“Туркистон-пресс”).