2017-06-16 07:17:00

ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРГА КЕНГ ЭЪТИБОР

Жиззах вилояти Зомин туманида БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларнинг рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида тадбирлар бўлиб ўтди.

Жиззах вилоятининг Зомин, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманларида 2014-2018 йилларга мўлжаллаб амалга оширилаётган ушбу лойиҳа табиат муҳофазасига доир қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, экологик мавзуда қўлланма ва тарқатма материаллар чоп этиш, ер ости ва ер усти бойликларидан самарали фойдаланишда ресурстежамкор технологияларни жорий этиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, биохилма-хилликни асраш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган. 

Туманнинг “Пшағор” қишлоқ фуқаролар йиғинида лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этаётган “Тутак Карим даласи” чорвачилик фермер хўжалигига трейлер — кўчма уй топширилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Енгил автомобиллар учун тиркамалар тайёрлашга ихтисослашган “Asia trailer” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган 150 ватт электр ишлаб чиқарувчи қуёш батареялари билан таъминланган ушбу кўчма уйни енгил автомобилда тортиб юриш мумкин. Оғирлиги бир ярим тонна, баландлиги 3,5, эни 2,2 метр бўлган мазкур кўчма уй 3 киши яшашига мўлжалланган. Уй музлаткич, 50 литрлик пропан газ баллони, 40 литрлик ичимлик сув идиши ҳамда ички ва ташқи ёритиш тизимларига эга. 

 Лойиҳа доирасида чорвачиликка ихтисослаштирилган “Рустамнома” фермер хўжалигида ҳам 7 гектар майдонга изен, терескен, чогон, черкез, қандим, коврак каби озуқабоп экинлар, 7 минг туп саксовул экилди. Лойиҳадаги шартнома мажбуриятларини бажараётган фермер етарли ем-хашак етиштиришдан ташқари, ўтларнинг уруғини сотишдан ҳам фойда олишни мўлжалламоқда.

 Лойиҳада иштирок этаётган “Ҳулкар пистаси” фермер хўжалиги қир бағрида 1000 туп олхўри етиштирмоқда. Лойиҳа доирасида ажратилган 55 миллион сўм маблағга томчилатиб суғориш ускуналари харид қилинди. 

Лойиҳани амалга оширишда Зомин давлат ўрмон хўжалиги ҳам яқин ҳамкорлик қилмоқда. Лойиҳа доирасида ўрмон хўжалиги қошида доривор ўсимликларни қуритиш, майдалаш ва қадоқлашга ихтисослаштирилган корхона барпо этилди. Бу ерда далачой, дўлана, кийик ўти ва зирани қадоқлаш йўлга қўйилди. 

“Туркистон-пресс”