2017-06-19 12:00:00

“ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ИЖРОСИ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДАМИ?

Бугун ривожланган давлатлар тажрибасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг энг самарали воситаси, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириб боришнинг муҳим омили сифатида эътироф этилмоқда. Шу боис ҳам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес, айниқса, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Ушбу тармоқ янги иш ўринлари яратиш, оилаларнинг барқарор даромад манбасини шакллантириш ва фаровонлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Хўш, ушбу қонундаги имтиёз ва қулайликлардан халқимиз хабардорми? Қонуннинг жойлардаги ижроси қониқарли аҳволдами? Шу маънода ҳар ойнинг ўн кунлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш баробарида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг ҳам амалдаги ижросини ўрганмоқдалар. Одамларни оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишларни танқидий-таҳлилий муҳокама қилмоқдалар.

Жорий йилнинг 16 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилишида ҳам ушбу Қонуннинг жойлардаги ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокамалар марказида бўлди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотларнинг вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га мувофиқ иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг истиқболли ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган  ислоҳотларни давом эттириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда қулай шарт-шароитлар таъминлашга, бу орқали эса кам харажатли янги иш жойларни яратишга катта эътибор қаратилиши натижасида 2012 йил оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 91,3 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган бўлса, 2016 йилда 367,2 миллиард сўм берилган, яъни 4 баробарга ошганлиги алоҳида қайд этилди.

— Бугунги кунда оилавий корхоналар сони 8 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Шунингдек, ҳудудлар кесимида юридик мақомга эга оилавий тадбиркорлик субъектлари сонида кескин фарқлар мавжуд, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Соҳибжон Исмоилов. — Тошкент шаҳрида 1 127 нафар, Фарғона вилоятида 1102 ва Тошкент вилоятида 909 та оилавий корхоналар мавжуд бўлган бир вақтда, Сирдарё (9та) ва Наманган (37та) вилоятларида оилавий корхоналарни кўпайтириш ва ривожлантиришга етарли эътибор қаратилмаяпти. Ушбу ҳудудларда солиқ инспекторлари томонидан етарли даражада ишлар ташкил этилмаганлиги боис ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ҳалигача учрамоқда. Бунда асосан “Ягона дарча” маркази ходимларининг етарли даражада халқ билан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормаганлиги, қонуннинг мазмун-моҳиятини яхши билишмаганлиги, оилавий тадбиркорлик субъектларнинг бошқа тадбиркорлик субъектларидан фарқи, берилган имтиёзлар ҳамда қулайликлар ҳақида тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлмоқда. Шунингдек, марказларда брошюра, плакат, видеоролик ёки бошқа маълумотлар мавжуд эмас. Бу ҳолатни Фарғона, Сайхунобод, Пешку, Қўнғирот, Қизилтепа, Беруний, Қамаши, Бекобод, Гурлан туманлари “Ягона дарча” марказларида яққол кўриш мумкин.

Йиғилиш иштирокчилари республикамиз минтақаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш ишларини жадаллаштириш, ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ерлар ажратилиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминланиш борасида қатор таклифлар билдирилди.

Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қўмитанинг қарори қабул қилинди.

“Туркистон-пресс”