2017-06-19 12:55:00

ҚАНДИМДАГИ ЗАВОД ДЕКАБРДА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛАДИ

Қандим газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати декабрь ойида фойдаланишга топширилади.

Қандим конлар гуруҳида газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати қурилиши декабрь ойида якунига етади. Бу ҳақда ўтган чоршанба куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида “Ўзбекнефтгаз”холдинги таркибига кирувчи “Нефтгазинвест”компанияси директори Баҳодир Сиддиқов хабар қилди.

—Мазкур лойиҳа бўйича россиялик ҳамкорлар (“ЛУКОЙЛ”компанияси — таҳ.) билан лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш қарори қабул қилинди. Даставвал 2018 йилнинг июнига режалаштирилган биринчи босқич 2017 йил декабрида якунига етади, — деди компания раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир объектга лойиҳада кўзда тутилган 93 фоиз ускуналар етказилган. ГҚИЗ қурилишида 8000 киши банд бўлиб, уларнинг 90 фоизи маҳаллий мутахассислардир.

“Газета.uz” сайтининг маълум қилишича, 2015 йил февралида “ЛУКОЙЛ”ва Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering”компанияси бошчилигидаги пудратчилар консорциуми Қандим ГҚИЗ қурилиши ва уни ускуналар билан таъминлаш бўйича 2,66 миллиард долларлик шартномани имзолаган эди.Ишлаб чиқариш қуввати 8,1 миллиард куб метр газ бўлган мазкур мажмуа қурилиши 2016 йил апрелида бошланган. Мазкур лойиҳанинг биринчи навбатига киритилувчи сармояларнинг умумий ҳажми 3,3 миллиард долларни ташкил этади.

“Туркистон-пресс”