2017-06-19 13:21:00

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган халқ билан мулоқотнинг янги тизими  чекка, олис қишлоқларда яшовчи, марказларга боришга имконияти, шароити бўлмаган юртдошларимиз учун ҳам катта қулайликлар яратмоқда. O`zLiDeP ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да энг чекка ҳудудлар аҳолиси дарду-ташвиши алоҳида эътиборда” шиори остида амалга оширилаётган туркум тадбирлар мазкур сиёсий кучнинг бу борадаги интилишлари амалий ифодасидир. 

Ўтказилаётган тадбирлар мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида, олис қишлоқларида истиқомат қилаётган ҳамюртларимизнинг дард-ташвишлари,  муаммолари, ўзлари яшаётган масканларни ривожлантириш бўйича билдирган таклиф ва тавсияларини ўрганиш ва ёрдам кўрсатишга хизмат қилаётирки,  Ўзбекистоннинг қайси нуқтасида яшашидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро ўзининг юртимизда амалга оширалаётган ислоҳотларга дахлдорлигини, уни ўйлантираётган масалалар давлат эътиборида эканини теран ҳис этяпти.

Айни кунларда барча вилоятларнинг чекка туманлари ва қишлоқларида ўтказилаётган учрашувларга O`zLiDeP саъй-ҳаракати билан маҳаллий бошқарув органлари,  депутатлик корпуси вакиллари, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа кўплаб идоралар ходимлари жалб қилингани диққатга сазовор. Жойларга чиқаётган партия ишчи гуруҳларига аҳолининг ҳаётий муаммоларини ўрганиш ва имкон қадар жойида ҳал қилиш, ечими топилмаган мурожаатларни назоратга олиш, уларнинг вилоят ва республика даражасида ҳал қилинишига эришиш, амалга оширилган ишлар юзасидан мурожаатчиларни тўла хабардор қилиш вазифалари юклатилган. Қайд этиш зарурки, ташкил этилаётган мазкур мулоқотлар юртдошларимизнинг ана шундай учрашувларни интиқлик билан кутаётганини, аҳоли билан юзма-юз тиллашиш йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилишига йўл очаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида, Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани “Пахтаобод” шаҳарча фуқаролар йиғинида, Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани “Эшонқудуқ” маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳамда қатор бошқа вилоятларда бўлиб ўтган мулоқотлар ниҳоятда катта аудиторияни йиққанлиги ва мавжуд муаммолар хусусида очиқчасига фикр алмашиш имконини берганлиги шундан далолат беради.

Учрашувларда асосан қишлоқлардаги коммунал ва уй-жой масалалари, ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, бандлик масалалари юзасидан аҳолининг мурожаатлари ўрганилди. Ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, аҳоли норозилигига сабаб бўлган ҳолатларни мутасадди ташкилот вакиллари иштирокида чуқур таҳлил қилган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилди.

“Туркистон-пресс”