2017-06-20 11:53:00

ПОЛВОНЛАРИМИЗ ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИДА МУВАФФАҚИЯТЛИ ИШТИРОК ЭТДИ

Жорий йил 15-18 июнь кунлари Хитой Тайпейи мамлакатида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам тўлик таркибда иштирок этди. Спортчиларимиз қитъа чемпионатида жами 15 та медалга сазовор бўлишди. Уларнинг 3 таси олтин, 3 таси кумуш ва 9 таси бронза медалларидир.  

Эркин кураш бўйича терма жамоамиз аъзоларидан Жаҳонгирмирзо Туробов (-55 кг.) ва Ҳасан Раҳимов (-120 кг) мусобақада барча рақибларини мағлубиятга учратиб Осиё чемпионлигини тантана қилган бўлишса, Иса Шапиев (-74 кг.) ҳал қилувчи беллашувда имкониятни бой бериб, кумуш медали билан чекланди. Рустамбек Жўраев (-50кг.), Аббос Раҳмонов (-60 кг.) Жавраил Шапиев (-84кг.) ва Иброҳим Илҳомжонов (-96кг.) бронза медалларига сазовор бўлишди. Натижада эркин кураш бўйича терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида Осиё чемпионатини Эрон термасидан сўнг фахрли 2-ўринда якунлади. Учинчи ўриндан эса қозоғистонлик полвонлар жой олишди. 

Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларда ҳам мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этишди ва 4 та медалга эга чиқишди. -96 кг. вазн тоифасида гиламга чиққан Темур Мирзо Мамажонов барча рақиблари курагини ерга текказиб олтин медални қўлга киритган бўлса, Жалгасбай Бердимуратов (-74 кг.) кумуш медалига сазовор бўлди. Жасурбек Ортиқбоев (-50 кг.) ва Маҳмуд Бахшиллоев (-66 кг.) эса бронза медалига лойиқ кўрилди.

Ва ниҳоят аёллар кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари делегациямиз ҳисобига 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўшиб қўйишди. Бахтигул Балтаниязова (-67 кг.) фақатгина финал баҳсида рақибасига имкониятни бой бериб кумуш медаль билан кифояланди. Актенге Кеунимжаева (-48 кг.), Нодира Собирова (-51кг.) ва Хадича Нажимова(-59кг.)лар мусобақани кучли учликда якунлаб, бронза медалларига сазовор бўлишди.

“Туркистон-пресс”