2017-06-20 11:53:00

МУРОЖААТЛАР ЕЧИМИ ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ОШИРАДИ

Жойларда аҳоли билан мулоқотлар қилиб, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этишда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ўзининг фаоллигини кўрсатишда давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ишчи гуруҳ томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда фуқаролар билан ўтказилаётган мулоқотлар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Жумладан, партиянинг Когон шаҳар кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари шаҳардаги “Темир йўлчи” МФЙ ҳудудидаги “Темир йўлчи”, “Зебинисо” ва “Янги ҳаёт” кўчаларидаги хонадон фуқаролари билан қилган мулоқотда улар ички йўлларнинг носозлиги, тунги ёритиш чироқларининг мавжуд эмаслиги тўғрисида шикоят қилишди. Бу жараённи ўрганишда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Жобир Ҳакимов Когон шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармасига депутатлик сўровини киритди. Мазкур сўровга жавобан бошқарма бошлиғи Собир Обидов “Зебинисо” кўчасининг 1,1 км қисмини таъмирлаш 2017 йил манзилий дастурига, “Янги ҳаёт”, “Темир йўлчи” кўчалари шаҳардаги бошқа 12 та кўчалар қатори кўча чироқларини мукаммал таъмирлаш дастурига киритилганлиги тўғрисида жавоб хатида билдириб ўтди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Когон шаҳридаги “Бобур” МФЙдаги “Қоровулбозор” шоҳ кўчаси фуқаролари билан олиб борган мулоқотларида фуқаро Нилуфар Қулиеванинг Бухоро Педагогика коллежининг тўла курсини битирганилигига қарамасдан ишга жойлаша олмаётганлигини билдирди. Бу масала юзасидан Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашова Когон шаҳар “Бандликка кўмаклашиш маркази”га ўзининг депутатлик сўровини киритиб, масаланинг ечимини ижобий ҳал этди. Фуқаро Нилуфар Қулиева Когон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабига ишга жойлаштирилди.

Ёки Ромитан туман Кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Қаҳрамон” МФЙдаги “Истиқлол” қишлоқ фуқаролари билан учрашув жараёнларида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги аниқланди. Бу масала юзасидан Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутати Даврон Шукуров туман “Сувоқава” бирлашмаси бошлиғига ўзининг депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб масаланинг ечимини ҳал қилди.

—Партиямиз Ишчи гуруҳларининг сайловчилар билан олиб бораётган очиқ мулоқотлари мавжуд камчилик ва муаммоларнинг ҳал этилишида масъулият билан ёндашишларига олиб келмоқда, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби Моҳигул Абдуллаева. —Албатта, ҳар бир мурожаат ўз ўрнида ечимини топса фуқаролар ишончи янада ортади. Зеро, партиямизнинг нуфузини янада оширишда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг ишончини қозониш энг муҳим вазифадир.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири