2017-06-21 13:07:00

FIDE ПРЕЗИДЕНТИ САМАРҚАНДДА

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида жаҳон кубоги саралаш босқичига ташриф буюрган Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжинов Самарқанд шаҳрида бўлди.

FIDE президентиБиринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони, Амир Темур мақбараси ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.

—Самарқанд шаҳрига биринчи марта келяпман, —дейди Кирсан Илюмжинов. —Таъриф қилинганидан ҳам гўзал ва тарихий шаҳар экан. Айниқса, салкам уч минг йиллик тарихга эга обидалари менда катта қизиқиш уйғотди ва унутилмас таассурот қолдирди. Ёш шахматчиларнинг иқтидорига гувоҳ бўлар эканман, юртингизда спортга, айниқса, шахматга бўлган эътибор юқори эканлигига яна бир бор амин бўлдим. 

Ташриф давомида FIDE президентииштирокида ҳаваскор шахматчилар учун блиц-турнир ташкил этилди.

“Туркистон-пресс”