2017-06-21 13:14:00

АСОСИЙ МАҚСАД — АХБОРОТ ХУРУЖЛАРИГА ҚАРШИ ИММУНИТЕТНИ ОШИРИШ

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир бунёдкорлик лойҳалари ва истиқболли ислоҳотларда ёшларга бўлган алоҳида эътиборни кузатишимиз мумкин. Шу ўринда ёшларимизни ҳам бундай имкониятлардантўғри фойдаланиш, уларни юксак маънавиятли баркамол авлод қилиб тарбиялаш, ёшларда халқ ва Ватан тақдирига даҳлдорлик хиссини уйғотиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Жиззах вилояти  Дўстлик туманидаги Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида “Хавфсиз интернет ва ахборот асрида ёшлар” мавзуида ЎзЛиДеП вилоят бўлимининг “Ёшлар қаноти” томонидан ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялаш билан биргаликда уларда  интернет маданиятини ва ахборот хуружларига қарши иммунитетини шакллантириш, йигит-қизларда дунё ва мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини ошириш каби масалаларга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Бугунги кунда дунё  иқтисодиётнинг учдан бир қисми ахборот манбаларига эга бўлишга сарфланмоқда. Биз ҳам иқтисодий тараққиёт йўлидан борар эканмиз,интернет тармоғида бугун рўй бераётган тараққиётга чеклов қўя олмаймиз. Бироқ, кучли мафкуравий таъсир кўрсатиш воситаси бўлган ушбу мўъжиза жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу сабабдан ахборот телекоммуникация соҳасида ютуқларга эришаётган ёшларни рағбатлантириш, уларда интернет маданиятини шакллантириш, огоҳликка чорлаш мақсадида“Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Асосийси, мазкур жараёнларда ёшларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва уларни турли зарарли ғоялардан асраб-авайлаш бугун ҳар биримизнинг асосий бурчимизга айланмоқда.

Бизнинг миллатимизга ёт иллатларнинг олдини олишдаги самарали усул бу  — ёшларимиз онгида,юқорида таъкидланганидек,кучли мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва уларни мустақил тарздақарор қабул қилишга ўргатишдир.

Тадбир давомида партия“Ёшлар қаноти” томонидан интернетнинг салбий жиҳатлари ва оқибатлари, глобаллашув жараёнлари ва мафкуравий хуружлар: диний экстремизм, терроризм, ақидапарастликнинг жамият тараққиётига таъсири ҳақидаги слайд ҳамда“Тафаккур эҳтиёжи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири