2017-06-21 17:41:00

КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖИ БИТИРУВЧИЛАРИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши ва депутатлик бирлашмаларининг иштирокида партиянинг сайловолди дастури ижросидаги амалий ишлар ва мавжуд муаммолари бўйича тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳи раҳбарлари, партия туман ва шаҳар кенгаши раислари, партия ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон республикаси бош бошқармаси ва тумандаги тижорат банкларининг вакиллари, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида Хўжайли тумани агро-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида тумандаги касб-ҳунар коллежи битирувчилари, ишсиз ёшлар иштирокида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

— Бугунги меҳнат ярмаркасига 60 та корхона ва ташкилотлар 234 та бўш иш жойлари билан иштирок этишди. Шундан 20 нафар ишсиз фуқароларга туманда жойлашган корхона ва ташкилотларга йўлланмалар берилди. Жойларда меҳнат бозорини ривожлантириш эвазига кўплаб янги иш ўринлари яратиляпти. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш асосий вазифаларимизнинг бири, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Темирбой Ганиев. — Ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси буйича имкон қадар иш жойлари ташкил этилиб, фуқароларимизнинг, жумладан коллеж битирувчиларини иш билан таъминланишига эришилиб келинмоқда.

Эътироф этилдики, кам таъминланган оилаларни боқимандалик кайфиятидан халос этиш ва ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларга товуқ тарқатилиши, томорқаларига иссиқхоналар қуриб берилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек, уруғ ва кўчатлар учун микрокредитлар ажратилиши халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, партия электорати вакилларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифасидан жамиятнинг фаол аъзосига айланишига замин яратмоқда. Бу эса партия дастурий мақсадларининг ҳаётга нечоғли тадбиқ этилаётганини кўрсатади.

— Мазкур тадбир туманларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маҳаллий дастури ижросини таъминлашга ёрдам беради, — дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Халилла Ешимбетов.Шу билан бирга, жойларда ўта долзарб ҳисобланган аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш самарадорлиги ортиб, натижада кам таъминланган аҳолининг реал даромадлари миқдори ошишига эришилади.

Семинар давомида кўч­ма жамоатчилик қабулхонаси ташкил қилинди ва депутатлар ёшларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганишди.

“Туркистон-пресс”