2017-06-22 13:02:00

ИНТЕРАКТИВ МУНОЗАРА КЛУБИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Хусусий киностудияларнинг ижодий фаолиятига кўмаклашиш, улар томонидан яратиладиган фильмларнинг сифати ва бадиий даражасини ошириш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Кинематографияни ривожлантириш марказининг қўшма қарорига асосан Кинолойиҳалар ва кино маҳсулотларни (фильмлар) профессионал баҳолаш интерактив мунозара клуби фаолияти ташкил этилди.

Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, интерактив мунозара клубида кинолойиҳалар ва фильмларни профессионал баҳолаш жамоатчилик асосидаги экспертлар гуруҳи томонидан амалга оширилади. Кенгаш таркибига маданият ва санъат арбоблари, киношунослар, ёзувчилар, режиссёрлар, кинематография ташкилотлари вакиллари киритилади.

Киноижодкорлар ўзларининг лойиҳалари ёки тайёр фильмларини интерактив мунозара клуби муҳокамасига қўйиш ва малакали мутахассисларнинг зарур тавсияларини олиш орқали бадиий жиҳатдан сифатли кино асарлари яратиш имкониятига эга бўладилар.

Интерактив мунозара клуби Кинематографияни ривожлантириш марказида фаолият юритиб, кинолойиҳалар ва фильмларни муҳокамага қўйиш учун маблағ ундирилмайди.

“Туркистон-пресс”