2017-06-27 10:21:00

“КУЧ – АДОЛАТДА!” КЎРИК-ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан партия фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб келаётган энг фаол журналистларни тақдирлаш мақсадида “Куч – адолатда” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Анъанага кўра, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий кенгашлар матбуот котиблари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров ва бошқалар журналистларни касб байрами билан қутлаб, партиянинг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка намоён этишда оммавий ахборот воситалари асосий ўрин эгаллашини, партия фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, унга таҳлилий назар ташлаш, барча бўғинлардаги энг сўнгги янгиликлардан аҳолини бохабар этишда журналистлар меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этишди.

Шунингдек, Н.Умаров 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ҳам оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим эканлигини таъкидлади.

Маълумки, оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган. Шу боис, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари тизимида уларнинг ролини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида партия фаолиятини тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал учун “Куч – адолатда!” республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Кўрик-танлов ташкилий комиссиясига партия фаолиятини фаол ёритиб келаётган 60 нафарга яқин ижодкорлардан жами 720 та материал келиб тушган.

Кўрик-танлов якунларига кўра, телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишларидаги энг яхши журналистик материаллар муаллифлари партиянинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

“Туркистон-пресс”