2017-06-29 14:00:00

СУРХОНДАРЁДА ҲОКИМ ОАВ ХОДИМЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Бугун дунё тараққиёти шиддат билан ривожланмоқда. Бу жараёнлардан бир қадам орқада қолиш вақт ўтиб катта йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини англаган ҳар қандай халқ тараққиёт ривожи билан бир сафда ривожланиб бориш йўлидан бормоқда.

Жумладан, юртимиздаги барча соҳаларда бу шижоаткор тараққиёт таъсирини сезишимиз мумкин. Аммо доно халқимиз топиб айтганидек, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бу технологик тараққиётлар билан биргаликда тараққиётнинг боши берк кўчасига бошловчи омиллар, мафкуравий ва ахборот хуружлари таьсири ҳам ортиб бормоқда.

Бу каби тараққиётнинг асл кўринишини акс эттириш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ахолимизни ишончли, тезкор, холис ахборотларга бўлган эхтиёжларини таъминлашда бугун юртимизда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг ижодий фаолияти алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган журналистарнинг бундай ижодий фаолиятини доимий равишда рағбатлантириш, бу каби ишлар самарасини янада ошириш мақсадида ОАВ ходимлари билан доимий равишда ҳамкорлик олиб борилмоқда. Ҳар йили юртимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонлаб келинмоқда.  Бу йил ҳам байрам муносабати билан жойларда байрам тадбирлари, ижодкорларни тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай байрамона кайфиятдаги учрашувларидан бири Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ташкил этилди.Учрашувда вилоятдаги барча оммавий ахборот воситалари раҳбар ва ходимлари, республика ОАВларининг вилоятдаги мухбирлари иштирок этди.

Вилоят ҳокими оммавий ахборот воситалари фаолияти юзасидан фикр юритар экан, бугунги тезкор ва шиддатли замон талабига мослашиш, ривожланиш ва тараққиётдан ортда қолмаслик учун соҳа вакиллари ўзларининг зиммасидаги масъулиятни сидқидилдан амалга оширишлари, халқимизга ишончли ва холис ахборот тарқатиш борасидаги ишларни жонлантириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бу борада кадрлар малакаси ва салоҳиятини ошириш, таҳририятга тажрибали кадрларни жалб этиш, интернет журналистикаси имкониятларидан самарали фойдаланиш, вилоятдаги барча оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Тадбирда вилоятда амалга оширилаётган истиқболлий лойҳалар билан аҳолини таништириб боришда ва фуқаролар ҳуқуқий саводхонлиги ва маьнавий оламини кенгайтиришда баракали ижод қилган бир қатор журналистларни тағдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири