2017-06-29 14:47:00

ТАДБИРКОР БЎЛИШНИ ИСТАГАНЛАРГА КАМАРБАСТА

Бугун мамлакатимизда рўй бераётган мислсиз ўзгаришлар, янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари бу ерда яшовчилар ҳаётида янги даврни, янги саҳифани очаётганини англатади. Бу саъй-ҳаракатлар замирида, албатта, халқимизнинг эртанги куни бугунидан-да обод ва фаровон бўлиши назарда тутилаётгани билан ҳам аҳамиятли.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичи — Ҳаракатлар стратегиясининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор мақсадларни амалга ошириш борасидаги дастури бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Бу жараёнда мамлакатимизнинг ҳар томонлама юксалишида молия муассасаларининг ҳам ўрни, аҳа­мия­ти беқиёс бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Шунинг учун ҳам банкларни иқтисодиётнинг қон томирига қиёслашади. Бугунги кунда тижорат банклари тезкор, қулай ва кафолатли хизматлари билан мижозлар ишончини тўла оқлаб, улар билан доимий ҳамкорликда иш олиб бораётир, десак адашмаймиз.

Юртимизда молия-банк тизимини янада ислоҳ этиш, улар фаолиятини халқаро стандартлар даражасига етказиш йўлида кўрилаётган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. Мазкур соҳага тааллуқли ютуқларда эса Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари янада аҳамиятли бўлмоқда. Дарҳақиқат, “Агробанк” АТБ жамоаси ҳам юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиб, ўзининг олдига қўйган кенг кўламли вазифаларини амалга оширишда жиддий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Хусусан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг шу даврига қадар банк томонидан мижозларга, фермеру, тадбиркорларга тезкор ва ишончли хизматлар кўрсатилиб, тадбиркорларнинг истиқболли бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришда яқиндан кўмак бериб келинаётир.

Айтиш керакки, мазкур молия муассасаси Ўзбе­кис­тон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ банкнинг капиталлашув даражасини ошириш, ресурс базани мустаҳкамлаш, фао­лиятни халқаро меъёрларга мувофиқ ташкил этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабр­даги қарорига асосан банк устав капитали қўшимча 100 миллиард сўмга тўлиқ шакллантирилди. Жумладан, 2017 йил март ойида Молия вазирлигининг 100 миллиард сўм маблағи банк устав капиталига жалб қилинди.

2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига банкнинг умумий капитали 636 миллиард сўм, устав капитали 468 миллард сўмни ташкил этди. Жорий йил бошига нисбатан мос равишда 104,5 миллиард сўм (120 фоиз) ва 100 миллиард сўм (127 фоиз)га ўсди. Банк ресурс базаси 5 триллион 692 миллиард сўм, шундан жалб қилинган депозитлар 2 триллион 552 миллиард сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг 1 июнь ҳолатига нисбатан 1 триллион 403 миллиард сўмга (133 фоиз) ва 428 миллиард сўм (120 фоиз)га кўпайди.

Банкнинг инвестицион фаолиятидаги ишларга назар ташласак, ҳисобот санасига банк кредит қўйилмалари 5 триллион 129 миллиард сўмни ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 2 триллион 127 миллиард сўмга ёки 171 фоизга ошди. Шуниси аҳамиятлики, “Агробанк” АТБ томонидан 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига иқтисодиётнинг турли йўналишларидаги тадбирларни молиялаштиришга жами 3 триллион 174 миллиард сўм, шундан банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1 триллион 377 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу маблағлар асосида юртимизнинг турли ҳудудларида янги-янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилишига, қолаверса, ишбилармонлик муҳитининг янада ривожланишига эришилди. Қувонарлиси, ана шу молиялаштирилган лойиҳалар ҳисобидан 11 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилди. Ушбу кредит маблағлари асосан саноатга, қишлоқ хўжалиги тармоқларига, қурилиш ва транспорт, моддий-техник таъминотга ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига йўналтирилди.

Шунингдек, “Агробанк” АТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайловчилари билан ўтказилган учрашувлари давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича берган топшириқлари ижроси юзасидан аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ошиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда халқимизнинг сифатли озиқ-овқатга бўлган талабини яхшилаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган ва унга асосан зарур саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ана шу йўлда “Агробанк” АТБ томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, етиштириладиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2017 йил 1 июнь ҳолатига 382 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал тараққий этмоқда. Айнан ана шу саъй-ҳаракатларда ҳам “Агробанк” АТБ томонидан салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, банк 2017 йил 1 июнь ҳолатига кичик бизнес субъектларига 666,7 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 142 миллиард сўмга (127 фоиз) ўсган.

Банк маблағлари асосан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришга, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенгайтиришга кредитлар ажратилди.

Банк томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, банк 2017 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратиш режа-параметрлари тасдиқланган. Мазкур параметрларга мувофиқ 2017 йил 1 июнь ҳолатига банк томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 20,1 миллиард сўм кредитлар ажратилди.

Айтиш жоизки, юртдошларимизнинг ишбилармонлик тизимидаги фаоллигини ошириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодиётимиз тараққиётига “Агробанк” АТБ ўзининг муносиб улушини қўшади, мижозларга замонавий банк хизматлари, зарур молиявий кўмак кўрсатишда бундан кейин фаол иш олиб боради.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири