
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 мартдаги “2017 йилнинг ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ва ўқув йилини тамомлаб, ёзги таътилга чиққан болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, оромгоҳларда мириқиб дам олиш орқали саломатликларини мустаҳкамлашлари учун юртимиздаги барча оромгоҳларда болажонларимиз учун барча шароитлар яратиб берилган. Болаларни ёзги таътилни янги дўстлар даврасида янада мазмунли ўтказишлари учун турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Навоий вилоят гимнастикага ихтисослаштирилган БЎСМ “Кармана” спорт базаси залида болаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ўтказиш ҳамда халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан бадиий гимнастика бўйича очиқ биринчилик ўтказилди.
“Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида ўтган мусобақада Навоий шаҳри, Қизилтепа, Кармана, Нурота туманларидан тўқсон нафар спортчи қиз иштирок этди. Улар орасида Кармана тумани вакиллари пешқадамлик қилишди. Малика Сайфуллаева, Зарина Зайниддинова, Шаҳзода Бобоназарова, Эъзоза Иноятуллаева, Меҳрангиз Каримовалар, қизилтепалик Жасмина Жамолова, Севинч Дилмуродова, Кумуш Кенжаевалар 1-ўринни эгаллашди.
Мусобақа сўнгида ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Туркистон-пресс”