2017-07-03 11:11:00

МАРКАЗ БИТИРУВЧИЛАРИ ИШГА ЙЎЛЛАНМА ОЛДИ

Самарқанд шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказининг илк битирувчиларига диплом топширилди.

Шу муносабат билан марказда “Корейс тили ва маданияти куни” тадбири ўтказилди. Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Им Жонг Хи хоним, Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори Исмоил Эргашев, Корея технологиялари ва таълим университети профессори Жанг Жонг Де ва бошқалар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари таълим соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида юртимизда касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, иш билан банд бўлмаган аҳоли меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрланмоқда. Бу йўналишда 2012 йилда Тошкент шаҳрида касб таълими маркази ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 майдаги қарорига мувофиқ, 2016 йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият бошлади ва дастлабки тингловчиларни қабул қилди.

Марказда ишсиз ёшлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини, жумладан, касб-ҳунар коллежини битирган, доимий ишга эга бўлмаган шахсларни автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, электротехника ва электроника, ахборот технологиялари мутахассисликлари бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш белгиланган. Ўқув жараёни жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари асосида ишлаб чиқилган ўқув режаси ва дастурлари асосида олиб борилади. Шу мақсадда марказда сабоқ бериш учун сараланган ўқитувчи ва мутахассислар Жанубий Корея таълим ва технологиялар университетида малака ошириб келди. Ушбу ўқув юрти мутахассислари билан ҳамкорликда дарслик ва ўқув қўлланмалар тайёрланди.

Марказда ўқиш муддати 10 ой, дарс амалий машғулот тарзида олиб борилади ва назарий билимлар ҳам шу жараёнда ўргатилади. Олти ойлик машғулотлардан сўнг тўрт ой давомида ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўталади. Ана шу ўқув жараёнларида танлаган йўналиши бўйича пухта билим ва касб-ҳунар ўрганган 216 нафар ёшга диплом ва корхоналарга ишга жойлашгани тўғрисидаги сертификат топширилди.

— Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш йўналишида ўқиб, соҳа бўйича замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаганимдан хурсандман, — дейди Иштихон тумани Янги кент маҳалласида яшовчи С.Мустафоев. — Ўқишдан сўнг Самарқанд автотеххизмат корхонасида амалиёт ўтадим ва энди шу ерда ишлайман. Бундан ота-онам, бутун оиламиз жуда хурсанд.

Тадбир доирасида марказ ўқитувчи ва ўқувчилари корейс миллий ўйинларини намойиш этди. Жанубий кореялик мутахассислар ёрдамида марказ тил маркази ўқувчилари томонидан тайёрланган корейс миллий таомлари кўргазмаси ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шу куни тантанали очилган “Корейс маданияти маркази”да илк бор марказ ўқувчилари томонидан ўзбек ва корейс халқлари миллий куй-қўшиқлари, рақслар ижро этилди. 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА