2017-07-03 12:00:00

MIRZO ULUGBEK INNOVATION CENTER ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Президент фармони билан ташкил этилган Mirzo Ulugbek Innovation Center Инновацион маркази резидентлари Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида туриб ишлаши мумкин.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев30 июнь куни«Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни имзолади, деб хабарқилди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур фармон асосида ташкил қилинаётган Мирзо Улуғбек номидаги Инновация марказининг мақсади иқтисодиёт соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини марказлаштириш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқувчилари ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар, преференцияларни тақдим этишдан иборат. Натижада, мамлакатда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси тараққий этиб, дастурий таъминот саноати ривожланади, экспортбоп АКТ-ишланмалар кўлами кенгаяди.

“Газета.uz” сайтининг таъидлашича,мамлакатда бундай Инновацион марказ илк маротаба ташкил қилинмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги компания — ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари моддий эмас, ақлий меҳнатни талаб қилгани, уларни яратишда хориждан хомашё талаб қилинмаслиги, маҳсулотни камхарж эвазига яратиш боис, бундай маҳсулотлар юқори қўшилган қийматга эга бўлган хизматлар сирасига киради. Шуларни ҳисобга олсак, Инновация марказига аъзо АКТ-муассасаларининг жадал ривожланишларини кутиш мумкин.

Фармон асосида дастурий таъминот ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият кўрсатаётган компанияларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар, Ўзбекистоннинг географик жойлашувини чеклаган ҳолда, жаҳон бозорига юқори рақобатбардош маҳсулотларни чиқариш имконини беради.

Фармон билан кўзда тутилган чора-тадбирлар ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош корхоналарни ташкил этишни ҳамда расмий иш ҳақини ошириш орқали юқори малакали дастурчиларни рағбатлантириш ва сақлаб қолишга хизмат қилади. Бу ўз навбатида, дастурий маҳсулотлар ва ҳизматлар экспортини рағбатлантиришга ҳамда чет элга юқори малакали мутахассисларнинг кетиб қолиши олдини олиш учун шарт-шароитлар яратади.

“Туркистон-пресс”