2017-06-15 13:59:00

НОЁБ ДУРДОНАЛАР МАСКАНИ

Ўзбекистон амалий санъат музейида мавжуд ёғоч ўймакорлиги, ёғочга бадиий нақш солиш, ганч ўймакорлиги, бадиий кулолчилик, мисгарлик, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, лакминиатюраси, газламачиликнинг турли хиллари (читгарлик, атлас, адрас, беқасам, кимхоб, бахмалвабошқалар) каби нодир буюмлар халқимизнинг ижодкорлиги ва ўзига хос миллий одатларидан далолат беради. Уларни томоша қилиб, кўҳна удумларимизнинг бетакрорлигидан фахр-ифтихор ҳиссини туямиз.

Музей истиқлол йилларида ҳар жиҳатдан такомиллашди, янги экспонатлар билан бойиди. 1997 йилдан музейга Ўзбекистон амалий санъат музейи мақоми берилиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилган.

Музей фондида 7,5 мингга яқин ноёб экспонатлар мавжуд.Унинг биноси миллий меъморлик санъатининг ёрқин намунасидир. Музей экспозицияси 13 та залда жойлаштирилган бўлиб, уларда мамлакатимизнинг турли минтақаларидан келтирилган амалий санъат намуналари ўрин олган. Экспозиция залларига олиб кирувчи ўйма нақшлар билан безатилган эшикларнинг ўзи ҳам музей экспонатлари саналади. Бу ерда ҳар бир зал ҳунармандлик турига монанд номланган. Масалан, бадиий каштачилик, сопол буюмлар, чолғу асбоблари ва читгарлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик ва зардўзлик, мис кандакорлиги, попоп (машина чоки) заллари кабилар.

Бадиий каштачилик ўзбек халқининг турмуш тарзи ва ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Бадиий каштачилик залига қўйилган экспозицияда айнан шу жиҳатлар инобатга олинган. Ундаги Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига оид сўзаналар ва миллий либослар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Эътиборли жиҳати, ҳудудларда тикилган сўзаналардаги гуллар ва ранглар рамзий маънолари билан бир-биридан ажралиб туради.

Ноёб асарлар орасида Ота Полвонов, Усто Ширин Муродов, Болта Жўраев, Умарқул Жўрақулов, Қодиржон Ҳайдаров, Лутфулла Фозилов, Муҳиддин Раҳимов, Усмон Зуфаров каби машҳур усталарнинг ишлари бор. Бу нодир асарлар нафақат юртдошларимиз, балки АҚШ, Франция, Италия, Испания, Германия, Япония ва бошқа давлатлардан келган хорижлик меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бугунги кунда ушбу даргоҳ маданий ва маърифий марказлардан бирига айланган. Бу ер зиёратчилар қаторида амалий санъат тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар, халқ усталари ва рассомлар учун илмий-ижодий маскан ҳамдир. Улар наққошлик ва ўймакорлик, қўл ва машина каштачилиги, читгарлик, мато, зардўзлик, заргарлик, мисгарлик, шарқ миниатюраси, чинни, шиша, либос ва гиламдўзлик буюмларига оид экспонатларни ўрганиб, илмий тадқиқ этади. Музейда миллий байрамларимиз ва муҳим саналарга бағишлаб турли маданий-маърифий тадбирлар, ёш ижодкорларнинг кўргазмалари мунтазам ташкил этилади. “Наврўз нақшлари”, “Ўзбекистон майда пластикаси”, “Ўзбек миллий кийими”, “Бухоро гиламлари”, Ўзбек қоракўли”, “Чанқовуз овози”, “Ўзбегим дўппилари”, “Кандакорликда нақшлар мўъжизаси” каби кўргазмалар шулар жумласидандир. 

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири