2017-06-22 15:21:00

АДАБИЁТ ВА САНЪАТ – ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ДЕМАКДИР

Азалдан дунё халқлари тамаддуни мезони иқтисодий тараққиёт, фан ва техника ютуқлари билан бирга халқ маънавий оламининг қай даражада юксаклиги, тафаккур даражаси кенглиги билан ўлчанади. Бу жараёнда Шарқ халқлари доимо илғорлар сафида бўлган.

Тарихдан маълумки, маънавий комилликка, кенг тафаккурга эга бўлган халқ тарақиётнинг барча кўринишини ҳеч қийинчиликсиз эгаллаши мумкин. Халқнинг маънавий баркамоллигини юксалтиришда эса, адабиёт ва санъатчалик таъсирчан восита йўқ. Бежизга адабиётга атомдан кучли, дея таъриф берилмаган.

Шу боис, бугунги кунда юртимизда ёш авлод камолоти ва уларнинг маънавий оламини юксалтиришга ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилиб, адабий дарсликлар, бадиий асарлар ва бу хилдаги ўтмишимизни ўзида мужассамлаштирган музейлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай музейлардан бири Андижон вилоятида ташкил этилган бўлиб, мазкур Адабиёт ва санъат музейи ўз фаолиятини 1990 йилдан бошлаган. Бу маскан халқимиз маънавий ўтмиши ва бойлиги бўлмиш тарихини ўзида мужассам этган экспонатлар коллекциясига эга.

Ҳозирда музейдаги экспонатлар ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 5 та бўлимга бўлиб жойлаштирилган. Булар ХIХ аср охирларида қурилган Жомеь меморий обидасида жойлашган музей маъмурияти, Адабиёт ва халқ амалий санъати бўлими, “алъа меъморий обидасида жойлашган тасвирий санъат галереяси, Заҳириддин Муҳаммад Бобур уй-музейи ва Чўлпон ёдгорлик музейи каби бўлимлардир.

Музей маъмурияти, адабиёт ва халқ амалий санъати жой олган Жомеь меъморий мажмуаси ХIХ аср охирида (1882-1892 йиллар) Муҳаммадали бой томонидан таниқли меъмор уста Исахон бошчилигида Фарғона водийси меъморчилик мактаби миллий анъаналари ва Андижон наққошлик мактаби анъаналари асосида бунёд этилган. Мадраса тўртбурчак шаклда қурилган бўлиб, тўртта бурчагида гумбаз, марказий хонақох, минора ва 122 та ҳужрадан иборат бўлиб, турли йилларда бозор, турар жой ва диний ўқув мадрасаси бўлиб фаолият кўрсатган. 1995 йилдан бошлаб эса ёдгорликда Андижон вилоят Адабиёт ва санъат музейининг халқ амалий санъати ҳамда адабиёт бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бинонинг биринчи қаватида музей маъмурияти ва фонд захираси хоналари жойлашган бўлса, иккинчи қаватда 192 та экспонатлар ўрин олган. Мазкур экспонатлар архелогик топилмалар натижасида топилган халқ амалий санъат экспедицияси ва Андижоннинг таниқли уста ҳунармандлари томонидан ишланган намуналардир.

Жумладан бу экспонатлар орасида халқимиз азалдан ҳунармандчилик тури сифатида ҳар бир хонадонда шуғулланган чойхалта, боғлама, дўппи, дастрўмол каби каштачилик, гиламчилик намуналари, 2009 йили бобуршунос миниатурачи рассом, “Шуҳрат” медали совриндори Абдулла Жўрабоев томонидан қўй терисига чизилган шарқона бинолар, кийимлар ва уч кишининг мусиқа чалаётган ҳолатидаги тасвири, заргарлик ҳунарининг энг нозик намуналари каби экспонатлар жой олган.

Музейнинг иккинчи бўлими ўзида 103 та экспонатни жамлаган Қалъа меъморий мажмуасида жойлашган Тасвирий санъат галереяси бўлиб, мазкур мажмуа ўн метр баландлигига эга бўлганлиги учун бу ерга ташриф буюрганлар кўз олдида бутун шаҳар кафтдек намоён бўлади. Шу боис ҳар йили ушбу мажмуада Наврўз, Мустақиллик, Халқаро музейлар куни, Тасвирий санъат фестивали каби тадбирларга бағишланган вилоят тасвирий ва халқ амалий санъати усталарининг ва ёш ижодкорларнинг ижод намуналари акс этган кўргазмалари мунтазам ташкил этиб келинади.

Яна бир ўзига хос бўлимлардан бири – бу, 1993 йил буюк давлат арбоби, саркарда, шоир ва аллома Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳрида жойлашган Хожар Ноиб мадрасасида ташкил этилган 160 та экспонатдан иборат Заҳириддин Муҳаммад Бобур уй-музейидир.

Чўлпон таваллудининг 100 йиллиги муносабати 1997 йилда ташкил этилган Чўлпон ёдгорлик музейи бўлимида Чўлпон шахсий ҳаётига тегишли бўлган нарса ва буюмлар, машақатли ва сермаҳсул ҳаёти ва ижоди ҳақидаги фотоматериаллар, ранг тасвир асарлари ўрин эгаллаган жами  198 та экспонатлар тўплами мавжуд.

Андижон Адабиёт ва санъат музейи бўлимларида сон жиҳатидан қисқа экспонатлар тўпламига эга бўлишига қарамасдан, бу экспонатларнинг ҳар бири ўзининг бой ўтмиши, кенг халқ тарихига оидлиги билан аҳамиятлидир. Музейнинг энг катта нодир экспонати деб ҳеч иккиланишсиз музей маъмурияти ва бўлимлари жойлашган иншоотларни келтириб ўтишимиз мумкин. Чунки бу иншоотларнинг ҳар бири алоҳида бир тарих ва музей жамланмасидир ва бу иншоотлар неча асрлардирки халқимизнинг маънавий оламини юксалтирадиган маскан бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири