2017-07-05 16:06:00

ФАРҒОНАДА БИТИРУВЧИЛАРГА ДИПЛОМЛАР ТОПШИРИЛДИ

Жорий ўқув йилида Фарғона вилоятининг 144 та касб-ҳунар коллежларини 53620 нафар битирувчи тамомлаб, мутахассислик дипломига эга бўлишди. Уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилгани қувонарлидир.

Ёзёвон транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам 343 нафар битирувчига диплом топшириш маросими тантанали ўтди.

—Дипломни қўлга олишим ўзим ва оилам учун қувончли бўлди, — дейди коллежнинг автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш йўналиши битирувчиси Нодиржон Ҳасанов. — Ўз мутахассислигим бўйича тумандаги “Нурли олмос сари” МЧЖга ишга қабул қилиндим.

Фарғона вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ҳар бир битирувчига иқтисодиёт мажмуасига кирувчи вилоят бошқарма ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг  5 минг нафардан зиёд масъул раҳбар-ходимлари номма-ном бириктирилди. Шунингдек, ҳудудлардаги 34 та таянч таълим муассасаларида меҳнат ярмаркаларининг ташкил этилганлиги ёшларни муносиб иш билан таъминлашга хизмат қилди.

Шаҳноза Алимбаева,

“Туркистон-пресс”