2017-07-05 17:00:00

ШАXМАТ БЎЙИЧА МИНТАҚАВИЙ САРАЛАШ МУСОБАҚАСИГА ЯКУН ЯСАЛДИ

Тошкент шаҳрида стандарт шахмат бўйича эркаклар ўртасида жаҳон кубоги ва хотин-қизлар ўртасида жаҳон биринчилигида иштирок этадиган шахматчиларни аниқлаш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий саралаш мусобақаси якунига етди.

Нуфузли турнирнинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 32 нафар кучли шахматчи дона сурди. Пировардида самарқандлик гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов 7 очко жамғариб, чемпионатнинг олтин медалига эга чиқди,

Аёллар ўртасидаги баҳсда охирги турдан кейин ажойиб вазият вужудга келди. Халқаро гросс­мейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва қозоғистонлик Халқаро гроссмейстер Динара Садауккасова ҳисобига 8 тадан очко ёзилди. Уларнинг қўшимча кўрсаткичлари ҳам бир хил бўлди. Ҳатто ўзаро тўқнашув ҳам дуранг билан тугади. Чемпионат Низомига кўра барча кўрсаткичлар бир хил бўлса, ғолиб тай-брейкда аниқланиши ёзиб қўйилган.

Тай-брейкда қозогистонлик шахматчининг қўли 2:0 ҳисобида баланд келди. Ана шу тариқа Динара олтин, Гулруҳбегим кумуш медаллар соҳибларига айланишди.

Нуфузли турнирда энг кўп медалга эга чиққан Ўзбекис­тан терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи, учинчи ўринлар Қозоғистон ва Тожикистон жамоаларига насиб этди.

Гулшода Жуманиёзова,

 “Туркистон-пресс”