2017-07-06 18:58:00

ЯНГИ УЙЛАР ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Президентимизнинг 2017-2021 йилларда қишлок жойларда янгиланган намунавий  лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш тўғрисидаги қарорига асосан жорий йилда Жиззах вилоятининг 18 та массивида 908та намунавий ва арзон уй-жойларнинг қурилиши жадал суръатлардаамалга оширилмоқда.

Яқинда вилоятнинг Арнасой туманида бу каби уйларнинг дастлабки қисми фойдаланишга топширилди. Икки хил намунавий лойиҳа асосида қурилган 2 сотихли 10 та икки, уч хонали, 16 хонадонли 2 та иккита кўп қаватли уйларни “Агростандарт люкс” қурилиш фирмасининг моҳир қурувчилари қисқа муддатларда бунёд этишди. Мазкур уйларни эгаларига топшириш маросими эса чинакам байрамга айланиб кетди.

– Замонавий уйлардан бирининг соҳибаси бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Барно Сафарова. – Яшаш учун барча шароитлар яратилган уй насиб этганидан оиламиз билан ҳукуматимиздан миннатдормиз. Негаки, ўз уйинг бўлгани бир бахт бўлса, тинч, осойишта юртда яшаётганимиз икки карра бахтимиз.

Тантанали маросимда сўз олганлар республикамизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, хусусан, кейинги йилларда чекка ҳудуддаги қишлоқларнинг хам инфраструктураси тамомила ўзгариб бораётганини алоҳида таъкидлашди.

Ориф    ЖУМАНОВ,

“Туркистон пресс” мухбири