2017-07-06 19:09:00

МАҚСАД ВА ҒОЯЛАР МУШТАРАК

Наманган вилоят матбуот уйида миллий тикланиш ғоясини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур тадбир ОАВда миллий тикланиш ғоясини кенг тарғиб этиш, партия сайловолди Платформаси ва дастуридаги эзгу ғоя-мақсадларни жамоатчиликка етказишнинг долзарб вазифаларини белгилаб олиш, вилоятдаги босма ва электрон медиа тузилмалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Мулоқотда ЎзМТДП вилоят кенгаши раисининг хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Соҳибахон Аъзамова, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси масъул ходими Анвар Икромов, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Жамолхон Қаҳҳоров ва бошқалар миллий тикланиш ғоя ва мақсадлари, партия фаолиятини холисона ёритиш, унга танқидий-таҳлилий назар ташлаш, барча бўғиндаги юз бераётган жараёнларни тезкорлик билан муштарийларга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлашди.

Давра суҳбатида медиа тузилма бўғини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб бораётгани, ЎзМТДП сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида оммавий ахборот воситаларига оид долзарб масалалар ўрин олгани қайд этилди. Зеро, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни ўз фаолиятининг устувор вазифаларидан деб билади.

Эътироф этилганидек, партия ва ОАВ ўртасида тизимли ва изчил ҳамкорлик натижасида партия ғоялари омма орасида кенг тарғиб этиб келинмоқда. Биргина, 2017 йилнинг шу даврига қадар ОАВ орқали 1300 дан зиёд чиқишлар ташкил қилинди. Бунинг самараси ўлароқ, ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот хизмати Наманган вилояти ижодкорларининг “Эҳтиром” танловида “Энг яхши ахборот хизмати” номинациясида ғолиб деб топилиб, вилоят ҳокимининг дипломи билан тақдирланди.

Мулоқотда “Наманган садоси” газетаси муҳаррири Комилжон Файзиев, “Аёл ва жамият” газетаси мухбири, ЎзМТДП фаоли Шаҳзода Акбарова, “Vodiymedia.uz” ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири Дилмурод Жумабоев, “Наманган” нашриёти директори, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби Гулчеҳра Зокировалар партия фаолияти ва унинг дастурий мақсадлари тарғиботи самарадорлигини оширишнинг долзарб вазифалари, депутатлик гуруҳлари ва қуйи бўғин саналган БПТлар фаолиятини кенг ёритиш бўйича таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир якунида бир гуруҳ ҳамкор ва фаол оммавий ахборот воситалари ходимлари партия томонидан ташаккурнома, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”