2017-07-08 10:10:00

“ЎЗАГРОЭКСПОРТБАНК” АТБ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарори билан “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банкига (Тошкент ш, Амир Темур кўчаси, 79А уй) банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди.

Марказий банк расмий веб-сайтида эълон қилинган хабарга кўра, янги банкнинг устав капитали 10 миллион евро эквивалентида шакллантирилди. Банкинг асосий акциядорлари – Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (75%), “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси (10%), “Ўзагросуғурта” АЖ (5%), “Кафолат СК” АЖ (5%) ва “Ўзбекинвестхолдинг” ХК (5%) ҳисобланади.

“Ўзагроэкспортбанк” АТБ ўзининг устувор йўналишини мамлакатимизнинг агросаноат соҳасини, биринчи навбатда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни, унинг зарур инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва экспор салоҳиятини ошириш, мижозларга агросаноат, биринчи навбатда мева-сабзавот маҳсулотларини хорижий банклар, молиявий институтлар, дипломатик ва савдо ваколатхонлари билан ҳамкорликда халқаро бозорларга олиб чиқиш борасида стратегик дастурлар ишлаб чиқишга қаратади.

“Туркистон-пресс”