2017-07-13 11:05:00

ЕР ОСТИ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси минерал хом-ашёнинг кўпгина йўналишлари бўйича жаҳон бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлади. Ҳозирги пайтдаги Республика минерал хом-ашё базаси стратегик жиҳатдан муҳим бўлган металл, фойдали  қазилмалар, нефть ва газ, минерал ўғитлар, ер ости сувлари ва қурилиш материаллари бўйича ҳолатлари ижобий деб баҳоланади.

Жорий йилнинг 12 июль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси ер ости ресурсларидан фойдаланишнинг замонавий имкониятлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Экология давлат қўмитаси, Олий ўқув юртлари мутахассислари, Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши, “Ўзбекнефтгаз” МХК, “Ўзбеккўмир” АЖ, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти, Хавфли геологик жараёнларни кузатиш Давлат хизмати, “Coca-cola ichimlik suvi” қўшма корхонаси, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. 

Матбуот анжуманини ўтказишдан асосий мақсад — Ўзбекистон Республикаси минерал хом-ашё базаси, уни кенгайтириш имкониятлари ва халқ хўжалигида оқилона фойдаланишни муҳокама қилиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида кенг оммага етказиб беришдан иборатдир.  

Давлат геология қўмитаси зиммасига республика минерал-хомашё базасини ўрганиш ва ўзлаштиришга хорижий сармояларни жалб этишни тезлаштириш ва уни негизида рақобатга бардошли ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни чиқарган ҳолда, илғор технологик жараёнларни тадбиқ этиш билан янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш вазифаси юклатилган.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳозирги кунда Республикамизда қабул қилинган қатор ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларга мувофиқ “Ўздавгеолқўм” тасарруфидаги корхоналар томонидан ер ости ичимлик сувларини, минерал саноат сувларини қидиришда, баҳолашда улардан оқилона фойдаланишда ҳозирги замон технологияларни, ускуналарини ва усулларини қўллашга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбир якунида меҳмонлар ва журналистларни қизиқтирган саволларга мутасадди ходимлар томонидан жавоб қайтарилди.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

 “Туркистон-пресс”