2017-07-13 11:31:00

“НУРЛИ КЕЛАЖАК” КЎРГАЗМАСИ ИШ БОШЛАДИ

Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма халқаро маданият саройининг кичик залида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишланган К.Бекзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг “Нурли келажак” номли кўргазмаси иш бошлади.

Мазкур кўргазмада интерьер йўналиши бўйича таълим олётган 20 нафар талабаларининг 60 га яқин ишлари намойиш қилинди.

 “Нурли келажак” деб номланган кўргазмада 2-босқич талабаси Ш.Азимовнинг “Меҳмонҳона интерьери”, 1-босқич талабаси Р.Саидовнинг “Болалар майдончаси” лойиҳаси, Д.Жўраеванинг “Дельфинарий”, Э.Саидованинг “Модалар уйи” каби лойиҳаларида замонавийлик ва миллийликни уйғунлаштирган ҳолда ясаган макет ва расмлари билан иштирок этишди. Улар орасида айниқса, З.Гулматовнинг “Витрина” номли ишини халқимизга хос кўзачалар ва лаганлар билан безатганлиги билан кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар эътиборини тортди.

– Ушбу кўргазмага тақдим этилган ижодий ишлар устоз-шогирд анъанасига риоя қилган ҳолда бажарилган бўлиб, унда интерьер лойиҳалари, композиция ишлари билан бир қаторда талабаларнинг битирув малакавий ишлари ҳам тақдим қилинган. Кўргазмани уюштиришдан асосий мақсад ижодкор талабаларни хар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг ижод маҳсулини кенг оммага намойиш қилиш ва шу соҳага қизиқувчи ёшлар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга имконият яратишдан иборат, – дейди мазкур институт ўқитувчиси Одил Фаттоҳов.

Қатнашчиларнинг ҳар бир ишида ватанимизнинг равнақи, юртимизнинг янада чиройли кўрк очишига ёрдам берадиган ғоя ва лойиҳалар илгари сурилган. Лойиҳалар бир хил мавзуда бўлса-да, талабалар унга ўз дунёқарашларидан келиб чиққан ҳолда турлича ёндашишганлиги аҳамиятлидир.

  “Нурли келажак” номли кўргазма шу йилнинг 22 июлигача давом этади.

Шаҳноза АЛИМБАЕВА,

 “Туркистон-пресс”