2017-07-13 18:58:00

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИ ОЛДИДАН

Шарқ тароналарихалқаро мусиқа фестивалига дунёнинг барча қитъаларидан меҳмонлар ташриф буюради.

 Турли миллатга мансуб санъат аҳлига юртимизнинг тарихи ва бугунги куни, бой маданиятимиз ва меросимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз ҳақида маълумот бериш, таржимонлик қилишда Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчи ва талабалари беминнат хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бу йил ўн биринчи бор ўтказиладиган халқаро санъат байрамида ҳам институт жамоаси фаол иштирок этиш учун тайёргарликни аллақачон бошлаган.

— Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга кўмаклашиш бўйича институт ташкилий қўмитаси ташкил этилган, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов. — Шунингдек, тадбирга доир тезкор маълумотларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларга таржима қилиш ҳамда тайёрланган маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун ички штаб тузилди. Ташкилий қўмита ва штаб аввалги фестиваль ва бошқа халқаро тадбирларда тажриба орттирган малакали ходимлардан иборат таркибда шакллантирилди. Хорижлик меҳмонларга таржимон сифатида ҳамроҳлик қилиш учун эса дастлаб 253 нафар профессор-ўқитувчилар, магистр ва бакалаврлар рўйхати шакллантирилди. Март ойидан бошлаб улар учун бир неча босқичда ўқув семинарлар, суҳбатлар ташкил этилди. Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, диққатга сазовор масканларда амалий машғулотлар олиб борилди.

Ана шу жараёнларда ўн хорижий тил бўйича 100 нафар асосий ҳамда 50 нафар захира таржимонлар  танлаб олиниб, айни пайтда улар билан машғулотлар давом эттирилмоқда. Таржимонларнинг қарийб эллик фоизини инглиз тили бўйича мутахассислар ташкил этса-да, немис, француз, итальян, испан, корейс, хитой, япон, араб тили бўйича ҳам юқори малакали ўқитувчи ва талабалардан иборат таржимонлар тайёрланди. Уларга Самарқанд вилоятининг иқтисодий кўрсаткичлари, барча соҳаларда кечаётган ислоҳотлар натижалари, қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳақидаги маълумотлар, музейлар, тарихий обидалар, зиёратгоҳлар тарихига оид экскурсия матнлари тарқатилган.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”