2017-07-14 19:39:00

ОАВ: ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМАСИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий университети, шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетлари мутахассислари билан ҳамкорликда “Сўз масъулияти, гражданлик позицияси, маънавий жасорат — журналист фаолиятининг бош мезони” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида белгиланган вазифалар ҳақида сўз борди.

Қайд этилдики, табрикда таъкидланганидек, эндиликда оммавий ахборот воситалари микдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, шу асосда уларнинг ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият” сифатида майдонга чиқишларига эришиш, миллий медиа майдонда фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш долзарб вазифага айлангани таъкидланди.

Маълумки, табрикда журналистлар олдига бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларга қарши жамоатчиликнинг муросасиз фикрини шакллантириш устувор вазифалар сифатида қўйилган эди. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилиши давра суҳбатида яна бир карра қайд этилди.

Тадбирда “Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ОАВнинг вазифалари“, “ОАВнинг ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият” сифатида майдонга чиқишига эришиш, миллий медиа майдонимизда фикрлар ранг-баранглигини таъминлаш долзарб вазифа”, “Журналистика соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш: амалий тажрибалар ва истиқболдаги имкониятлар” мавзуларида маърузалар қилинди ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”