2017-07-18 16:06:00

ХОРИЖГА ЎҒИРЛАБ КЕТИЛГАН АРТЕФАКТНИ БРИТАНИЯ МУЗЕЙИ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТАРИШГА ЁРДАМЛАШАДИ

Британия музейи Бухоро вилоятининг Вобкент туманида жойлашган ўрта асрларга оид Чашмаи Аюб мақбараси олд қисмининг 2014 йилда ўғирлаб кетилган парчасини Ўзбекистонга қайтаришга ёрдамлашади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар қилди.

Баландлиги ярим метрдан зиёдроқ бўлган араб тилидаги каллиграфик ёзувга эга лавҳа 2014 йилда ўғирлаб кетилган эди.

Ушбу парча Лондоннинг “Mayfair” галереясида сотувга қўйилмагунча бутунлай йўқотилган, деб ҳисоблаб келинаётган эди. Яқиндагина Ўзбекистонга ташриф буюрган Оксфорд олими Саймон Рэй пешлавҳа тасвирини галерея каталогида кўриб қолади.

Ушбу артефактни сотиб олган Рэй Британия музейи билан боғланади. Рэйнинг сўзларига кўра, пешлавҳа йиллар давомида Германиядаги коллекциялардан бирида сақлаб келинган, дея уни ишонтиришган.

«Газета.uz» сайтининг хабарига кўра,  ушбу ҳафта Лондонда артефактни Ўзбекистон элчихонасига топшириш маросими бўлиб ўтади.

“Туркистон-пресс”