2017-07-18 17:00:00

СОМОННИ ЁҚИШ — АТРОФ-МУҲИТГА ЗИЁН

Ёз — миришкор бободеҳқонларимизнинг бошоқли дон экинлари пишиб етилиб, йиғим-терим мавсуми бошланадиган фасл. Бу мавсумни намунали ўтказиш, далаларни сомондан тозалаш, сомон пояларини ва унинг қолдиқларини ёқиб юборилишини қатъиян тақиқлаш мақсадида ҳар йили жойларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги “2017 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини йиғиштириб олиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фермер хўжаликлари томонидан бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда сомон пояларини ёқиб юбориш ҳолатларининг олдини олиш бўйича Тошкент вилоятининг бир қатор туманларига рейд ташкил қилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — нохуш ҳолатларнинг содир этилишини бартараф этиш, сомон пояларини ёқиб юборишнинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига салбий оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат.

Бу йил Тошкент вилоятининг 6 935 та фермер хўжаликлари томонидан 130 580 гектар майдонда ғалла парваришланиб, мўл ҳосил етиштирилди. Айни кунларда бошоқли донни ўриб-йиғиб олиш ва ҳосилдан бўшаган майдонларни сомон пояларидан тозалаб, пешма-пеш шудгор қилиш ишлари қизғин паллага кирган. Мавсумни юқори савияда уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча чора-тадбирлар белгиланган. Мавсумга жалб этилган техника, донни қайта ишлаш корхоналари, дон қабул қилиш ва сақлаш омборларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Ғалладан бўшайдиган майдонларни тозалаш ишларини ташкил қилиш, сомонни ёқишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Абдумажид ХОЛМУРОДОВ, Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи:

— Сомонни ёқиш чорва учун тайёр озуқани нобуд қилиш билан бирга, атроф-муҳитга катта миқдорда зарар етказади ва ёнғин хавфини юзага келтиради. Шу боис, биз маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Хусусан, сомонни ёқишнинг ер ҳосилдорлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсири, бундай ҳолатларда қўлланиладиган қонуний чоралар тарғиботига оид тадбир ва учрашувлар яхши самара бермоқда. Ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаш, уни ёқмаслик, ғаллазорлар яқинида очиқ оловдан фойдаланмаслик ва бошқа ёнғин хавфсизлиги қоидалари акс эттирилган 7000 та буклет, 900 та плакат тарқатилди, 438 та учрашув ўтказилди, далалар ва йўл ёқаларига қўшимча баннерлар ўрнатилди.

Бироқ, шунга қарамасдан, биргина Тошкент вилоятида мавсум бошидан 167 та фермер хўжаликларининг 826 гектар ер майдонлари ёқиб юборилганлиги аниқланди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддаси, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси бузилишига олиб келган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 88-моддаси 3-қисми билан 167 та мансабдор шахс ва фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Рейд давомида сомон поялари ёқилган майдонлар бўйича вилоятнинг Бекобод туманида 49 та, Ўрта-Чирчиқ туманида 24 та,  Юқори-Чирчиқ туманида 20 та, Қуйи-Чирчиқ туманида 20 та, Чиноз туманида 15 та ҳолат кузатилган.

Бундай ҳолатлар вилоятнинг Бўка, Янгийўл, Пскент, Оққўрғон, Зангиота, Оҳангарон туманларида ҳам содир бўлган.

Миржамол МИРАЛИМОВ, Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими мутахассиси:

— 1 гектар майдонда бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 грамм ис гази ва углерод оксиди каби газлар ташланади. Бунда атроф-муҳитга жиддий зарар етади, тупроқ структураси бузилиб, тупроқ эрозияси кучаяди.

Йиғим-терим мавсумининг илк кунлариданоқ “Ғаллани ёнғиндан асрайлик!”, “Сомон пояларини ёндирманг!”, “Ерни боқсанг — ер сени боқади!” мавзусидаги мавсумни талофатсиз ўтказишга доир плакатлар чоп этилиб, тегишли корхона, ташкилот ва идораларга тарқатилди.

Вилоятда сомон ёқишдек хунук ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, фермерлар кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирлари, давра суҳбатлари, мурожаат ва чорловлар ўз самарасини бермоқда.

Нима бўлганда ҳам, ўзимиз яшаётган, яқинларимиз нафас олаётган атроф табиий муҳитни асраш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Хония АСИЛБЕКОВА,

Виктория РЗАЕВА,

Давлат экология қўмитаси

Ахборот хизмати ходимлари

(“Туркистон-пресс”).