2017-07-20 11:21:00

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИГА ЁШЛАРДА ҲАВАС ОРТМОҚДА

Бугунги кунда ҳар бир муассаса фаолиятини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада мутасадди ташкилотлар томонидан турли хил тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ёш авлодни мардлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ва вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, “Темурбеклар мактаби” аъзолари ва  оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида “Аскар кутубхонаси” сериясида “Замонамиз қаҳрамонлари” рукни остида ХХХI ёзги Олимпиада ўйинлари ғолиблари Ҳасанбой Дўсматов ва Руслан Нурудинов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққанлар мазкур китобларни чоп этишдан асосий мақсад — ёшларда Ватанга муҳаббат ҳиссини кучайтириш, спортга қизиқишларини орттиришга ҳисса қўшишдан иборат эканлигини айтиб ўтдилар. Бундан ташқари, юртимиздаги “Темурбеклар мактаби” Ватанимизнинг ҳар бир фуқаросига ифтихор бахш этишини, ҳарбий академик лицейларимиз Соҳибқирон бобомизга муносиб авлодларини вояга етказадиган, маррани юксак оладиган ёшларни камол топтирадиган, ҳам маънан, ҳам жисман энг салоҳиятли ёшлар таҳсил оладиган, бир сўз билан айтганда, асл мардлик, фидойилик ва ватанпарлик руҳида тарбиялайдиган масканга айланганини ҳамда унинг улкан аҳамиятини таъкидлаб ўтдилар.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”